Президент маъмурияти Ҳукумат уйининг  фасадини таъмирламоқда

322

Президент маъмурияти Бишкекдаги Ҳукумат уйи фасадини таъмирлашни бошлади. Бу ҳақда Peshcom фуқаролик ташаббуси хабар берди.

Президент маъмурияти матбуот хизмати «Клооп» мухбирига фасадни янгилаш -  «бинонинг бир қисмини режалаштирилган таъмирлаш» эканини билдирган.

« [Ҳукумат уйи биноси] ўтган асрнинг 1960-йилларидан бери фойдаланилмоқда, шундан бери ташқи кўриниши капитал таъмирланмаган», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Таъмир ишлари қайси маблағ асосида бўлаётгани номаълум. Президент маъмурияти бу ҳақда кейинроқ маълумот беришга ваъда берди.

Президент маъмурияти эски майдондаги Ҳукумат уйи биносига президент Садир Жапаров ташаббуси билан кўчди. Бинонинг ташқи кўринишини таъмирлашдан олдин эски майдонга янги асфалт ётқизилиб, бинонинг атрофи ободонлаштирилди.

Бу орада яна Жапаров ташаббуси билан Бишкекнинг жанубий қисмида Президент маъмуриятининг янги биноси қурилиши учун ер ажратилди.

Апрель ойида президент матбуот котиби Эрбол Султанбаев Президент маъмуриятининг янги биноси қурилиши Қирғизистоннинг обрўси билан боғлиқ масала эканини айтган эди. У, шунингдек, агар бино қурилса, ҳар қандай хорижлик делегацияни у ерда қабул қилиш «уят бўлмайди» деган.