АҚШ Қирғизистонни санкциядаги товарларни Россияга ўтказиш мумкин бўлганлар рўйхатига киритди

299

АҚШ Молия департаменти Қирғизистонни санкцияланган товарларни Россия ва Беларус ҳудудига ўтказиши мумкин бўлган транзит давлатлар рўйхатига киритди.

Рўйхатга Қирғизистондан ташқари Грузия, Арманистон, Хитой, Ҳиндистон, Мексика, Исроил, Сербия,Тайван, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон кирган.

«Ушбу мамлакатларга назорат қилинадиган товарлар хом ашё сифатида қонуний равишда экспорт қилиниши мумкин, аммо уларни кейин Россия ва Беларусга экспорт қилиш таъқиқланган. Айниқса, ҳарбий мақсадларда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар ташвиш уйғотади», - дейди АҚШ молия вазирлиги хабарида.

«Бай Элим Компани» МЧЖ бош директори Рисгул Акимжанова «Клооп» мухбири билан суҳбатда бу Қирғизистон барқарорлиги ва унинг жаҳон саҳнасидаги рейтингига салбий таъсир кўрсатишини айтди. Акимжонова АҚШ қарори нега мажбурланганини тушунтирди.

«Келажакда бу санкциялар самара берса, биз ҳам унга бўйсунамиз. Чунки, биринчидан, биз ҳали ҳам божхона иттифоқи таркибидамиз, иккинчидан, асосий савдо-сотиғимиз Россия ва Хитой билан олиб борилади. Санкциялардан қочиш учун божхона иттифоқидан чиқиб, Россия билан чегарамизни ёпишимиз ва бошқа давлатлар билан савдо қилишни бошлашимиз керак. Қолаверса, логистикамиз фақат Хитой ва Қозоғистон билан ўрнатилгани боис, ҳозирча бошқа чорамиз ҳам, ундан чиқиш йўли ҳам йўқ», — деди у.

Акимжанова санкциялар Қирғизистонга қандай таҳдид қилишини ҳам тушунтирди.

«АҚШ ва Европа давлатлари билан савдо-сотиғимиз Россияники каби катта эмас. Аммо улар молиялаштиришга таъсир қилиши мумкин. Биз жуда кўп грант оламиз, масалан, USAID. Жаҳон банки кўплаб грантлар, кредитлар ва бошқа инвестициялар беради. Улар бу молиялаштиришни тўхтатиб, бошқа давлатлардан биз билан ҳамкорликни тўхтатишни сўрашлари мумкин. Банкларимиздаги свифтлар [халқаро пул ўтказмалари] ёпиб қўйилиши мумкин, лекин мен бундай бўлиш хавфини кўрмадим», — деди Акимжанова.

У бу Қирғизистон иқтисодида катта рол ўйнамайди, лекин мамлакатга сиёсий жиҳатдан «кучли таъсир» қилади деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, бу мамлакат барқарорлигига ва унинг жаҳондаги рейтингига салбий таъсир қилади.

Украинага ҳужум

Россия қўшинлари Украинага ҳужум қилганига тўрт ойдан ошди. Россия расмийлари бу ҳаракатни уруш деб атамади, балки Украинани «демилитаризация»  ва «денацификация» қилиш мақсадини кўзлаган «махсус операция» деб атади.

Украинага қилинган ҳужумдан сўнг Европа Иттифоқига кирган давлатлар, АҚШ ва Буюк Британия Россияга қарши иқтисодий санкциялар киритди.

Айни пайтда Қирғизистон расмийлари Украинадаги уруш масаласида ягона позицияни эгаллашларини бир неча бор таъкидлаган. Бироқ сўнгги пайтларда Қирғизистон ва Россия ҳукумати яқинлашишга ҳаракат қилаётгани кузатилмоқда.