Ўшда 11 июль куни «Ихсан» кооперативига норози бўлган аҳоли қайта митинг ўтказди. Унга 30га яқин одам қатнашди.
Тўпланганлар кооперативга солган маблағларини қайтара олмаётганини айтиб арз қилишди.
«Ҳурматли Садир Жапаров ва Камчибек Ташиев. Оддий халққа эътибор қаратинг. Шуларнинг маблағини олиб беринглар. Ҳеч бўлмаса ногиронлиги борларнинг пулини олиб беринглар. Йиғлаганлар, азоб чекаётганлар кўп» — деди митингга чиққанлардан бири.
Акция иштирокчиларидан бири фарзанди оғриётганини айтиб, уни даволатиш учун маблағини қайтариб беришни талаб қилди.
Митинг иштирокчилари «Ташиев эътибор қарат», «Акинай халқ маблағини қайтар», «Ихсанга ишонма», «Ихсан пулни бери» деб ёзилган плакатларни кўтариб турди.
Акция иштирокчилари билан Ўш шаҳар ИИБнинг бошлиғи ўринбосари Улан Жукенов учрашди. У «Ихсан» кооперативига норози бўлган аҳолини милицияга ариза ёзишини айтди.
Бу каби акция Ўш шаҳрида 6 июнда ҳам ўтган. Унда 20га яқин намойишчи ҳукуматдан мазкур кооперативни назоратга олишни талаб қилган.
«Ихсан» атрофидаги можаролар
«Ихсан» кооперативи таъсисчиси Акинай Бекмурзаева бунгача «хавотир оладиган муаммо йўқ»лигини таъкидлаб, «барча идораларда харидорларга тушунтириш ишлари олиб борилаётганини» билдирган эди.
Шунингдек Бекмурзаева кооператив фаолиятини давом эттириб, харидорларга уй «навбати билан берилаётганини» қўшимча қилиб, навбатни назорат қилган махсус комиссия тузилганини таъкидлаган.
«Ҳозирда икки томонлама комиссия тузилган. Навбатни, уй олаётган кишилар рўйхатини назорат қилишмоқда. Иккинчи комиссия аъзолари «маблағимизни қайтариб оламиз» деганларнинг рўйхатини тузиб, назорат қилиб, қайтарилган миқдорнинг чекларни навбати билан берилишини назорат қилишмоқда», — деган у.
Лекин 11 июлда ИИВ Бекмурзаевани қўлга олди. Ҳозирда Бишкек шаҳар ИИБнинг вақтинчалик ҳибсда сақловчи жойига киритилди.
Вазирлик «Товламачилик» ва «Ишониб берилган мулкни ўзлаштириб олиш ёки таҳдид» моддалари билан жиноят ишини қўзғаб, тергов давом этмоқда.