«Ер талаш». Нориннинг турғуни ҳамқишлоқларига ўқ чиқариб, олти киши касалхонага тушди

340

Норин туманига қарашли Хутор Оқ-Тала қишлоғида 7 июлга ўтар кечаси ер талашиш оқибатида жанжал чиқиб, турғунлардан бири ҳамқишлоқларига ўқ отган. Оқибатда олти киши жароҳатланган. Бу ҳақда Норин вилояти ички ишлар бошқармасининг матбуот хизмати хабар берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, жабрланганлардан уч нафарининг аҳволи оғир. Яна уч кишининг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда.

Милициянинг хабар беришича, тахминан соат 22:48 да Норин туман ИИБга Хутор Оқ-Тала қишлоғида яшовчи фуқаронинг уйининг деразалари ва эшикларини тош билан уришаётгани ҳақида хабар берилган.

«Тезкор-тергов гуруҳи воқеа жойига борганида, Хутор-Оқ-Тала қишлоғида яшовчи 30-40 нафарга яқин аҳоли маҳаллий фуқаронинг уйи ёнида тўпланиб, деразаларга тош отиб, эшикни синдиришган. Улар дарвоза ташқарисида тўхтаб турган Субару-Аутбек русумли автомашинани ёқиб юбора бошлаганларида, уй эгаси оломонга қарата ўқотар қуролдан ўқ узган», — дейилади матбуот хизматининг хабарида.

Дастлабки версияга кўра, можаро икки маҳаллий аҳоли ўртасидаги ер низоси туфайли бошланган.

«Бир неча кун аввал улар ўртасидаги келишмовчилик жанжал, тан жароҳати етказиш ва ўзаро айбловлар билан якунланган. Бундан ташқари, маҳаллий аҳоли можарога аралашган”, дейди милиция ходими.

Ички ишлар бошқармасининг қўшимча қилишича, ҳодиса юзасидан воқеа жойидан олинган ашёвий далиллар бўйича экспертиза тайинланган. Шунингдек, жабрланганларнинг тан жароҳатларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза ўтказилмоқда.

Материал устида ишлаган: Қайрат Бердишалиев