«Клооп» муҳаррири милицияга сўроққа чақирилди

215

«Клооп» муҳаррири Ислам Розиев Бишкекнинг Ленин туман милициясига гувоҳ қаторида сўроққа чақирилди. Сўроқ 7 июль соат 15:00га белгиланган.

Туман ИИБнинг тезкор ходимлари сўроқ мухолиф сиёсатчи Равшан Жээнбековнинг мамлакат ташқи қарзи бўйича айтган баёнотига боғлиқ эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, сиёсатчи мазкур баёнотида баъзи ОАВ, унинг ичида «Клооп»да чиққан маълумотларга таянган.

Милиция ходими сўз «Боткен ва Иссиқкўлни тоза сув билан таъминлашда халқаро ташкилот 100 млн доллар беради» деган мақола ҳақида бўлаётганини айтган.

Сўроққа чақирув қоғози. Сурат: Kloop.

Бунгача 5 июлда «Азаттык» нашрининг раҳбари Айзада Касмалиева ҳам Бишкекнинг Ленин туман милициясида гувоҳ қатори сўроқ берган. Сўроқ 2,5 соат давом этган.

«Терговчи Тилек Мамитов сўроқда «Азаттык» сайтига эълон қилинган бир нечта янгиликка алоқадор саволлар бериб, ундаги манбаларга қизиқди. Бундан ташқари «Азаттык» сайтига чиққан бир нечта мақоладаги хабар бўйича тушунтириш сўраган расмий илтимоснома берилди. Шунингдек терговчи сўроқ қайсидир бир иш доирасида эмас, маълумот олиш мақсадида уюштирилганини билдирди», — деб ёзди нашр.

Жээнбековнинг баёноти

1 июлда кечга яқин экс-депутат Равшан Жээнбеков қўлга олиниб, Бишкекнинг Ленин туман ИИБда сўроқ берган. Бунга сиёсатчининг ҳукумат жорий йилда Қирғизистон ташқи қарзини 1,3 млрд долларга кўпайтирмоқчи деган Фейсбукдаги хабари сабаб бўлган.

Мазкур хабарни кейинроқ Молия вазирлиги инкор қилиб, у «у тубдан нотўғри экани», «жамоатчиликни чалғитишини» таъкидлаган.

Президент Садир Жапаров интервьюларининг бирида ташқи қарзни тўлаш бўйича муддатнинг юқори нуқтаси унинг ҳокимиятда турган даврига тўғри келишини, агар Қирғизистон қарзини тўлаб қутилмаса, мамлакат «мустақиллиги хавфда қолишини» билдирган.

Молия вазирлигининг маълумотига кўра, 2022 йилнинг 28 февралига нисбатан мамлакатнинг давлат қарзи 5 млрд 119,15 млн долларни ташкил қилади. Бу миқдорнинг 817,31 млн долларини ички қарз, 4 млрд 301,84 млн доллари эса ташқи қарзни ташкил қилади.