Акилбек Жапаров: «Совуқ хабарлар» туризмга зарар келтиради

249

Вазирлар маҳкамаси бошлиғи Акилбек Жапаров 5 июлда баъзи журналистларни ва блогерларни пойтахтдаги «Дасмия» ресторанига тўплаб, норасмий учрашув ўтказди. Мазкур учрашувда Жапаров ҳукуматнинг режаларидан ташқари ОАВнинг иши, аниқроғи, совуқ хабарлар ҳақида ҳам айтди.

Жапаров ўз нутқида, «совуқ хабарлар» туризмга салбий таъсир кўрсатаётганини айтиб, икки нафар милиция томонидан зўрланиб юрган ўспирим қиз воқеасини мисол келтирди.

Жапаров рус тилидаги сайтларни қозоғистонлик ва россиялик сайёҳлар ўқишини, улар «совуқ хабарлар»ни эшитиб олиб бошқа давлатларга кетиб қолаётганини таъкидлади. У бу каби жиноятлар туристларни хавотирга қўяётганини айтмагани билан уларни ёритиш масаласига тўхталди.

Ажабланарлиси Жапаров 2018 йили «Бир-Бол» фракциясидан депутат бўлган вақтдаги сўзини такрорлади. Ўшанда у интернетда умуман рус тилидаги салбий янгиликларни эълон қилишни тақиқлаш кераклигини айтган эди.

Ўша вақтдаги нутқида Жапаров Грузияни мисол келтириб, у ерга борган сафарида биронта ҳам ёмон янгилик ўқимаганини билдирган.

«Маълум бўлишича, 2004 йили Грузия президенти элга мурожаат қилиб, «Ёмон янгиликлар грузин тилида, яхши янгиликлар рус ва инглиз тилида ёзилсин» деган экан», — деб билдирган Жапаров.

Аввалгидай Жапаров 92 ёшдаги кампирни зўрланиши бўйича янгиликни мисол келтирди.

«92 ёшдаги кампир зўрланган деган янгилик бор. У ҳам бир ҳафта эътиборда бўлади. Шунинг учун вазир мурожаат йўллаши керак. Биз ёмонни яшириб, яхшини оширишимиз керак. Бу қирғиз халқининг урф-одатида ҳам бор, биз шуни қўллашимиз даркор», — деб қўшимча қилди у.