Бош прокуратура «Қирғиз кўмир» ишхонаси раҳбарияти давлатга 127 миллион сомдан ортиқ зарар келтирганини аниқлади. Бу ҳақда назорат органи ишхонада олиб борган текширувдан сўнг аниқ бўлди.
Текширув жараёнида «Қирғиз кўмир» раҳбарияти ва мутасадди ходимлар хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб, давлат манфаатларига қарамай икки ишхона билан Қора кеча конидан Балиқчи шаҳригача 200 минг тонна кўмир етказиб бериш учун махсус қабул қилинганидан икки баробар юқори нархда шартнома тузганини аниқлади.
Маълумотда «Қирғиз кўмир»нинг раҳбарияти хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб, икки МЧЖ билан 200 минг тонна кўмирни Балиқчи шаҳрига етказиб бериш ҳақида шартнома тузгани айтилмоқда. Унда кўмир нархи ноқонуний равишда икки баробар қиммат кўрсатилган.
Оқибатда давлат бюджетига 127 миллион 185 минг сом зарар келтирилган.
Бишкек шаҳар прокуратураси мазкур факт бўйича «Хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш» ва «Қасддан фойдасиз шартнома тузиш» моддаси билан жиноят ишини қўзғади. Ҳозирда тергов амаллари олиб борилмоқда.
Коррупция даражасини суриштирган Transparency International халқаро ташкилоти маълумотига кўра, Қирғизистон 2021 йили порахўрлик даражаси бўйича 27 очкога эга бўлиб, 144-ўринга чиққан. Мазкур кўрсатгич 2020 йилга нисбатан 20 босқичга паст — ўтган йили Қирғизистон 31 очко билан 124-ўринда эди.