Жалолободда шаурмадан заҳарланганлар сони 35 нафарга етди

379

Жалолободда шаурмадан заҳарланганлар сони 35 кишига етди. Бу ҳақда 1 июль куни «Клооп»га шаҳар санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори Рома Ураимов маълум қилди.

Ураимовнинг айтишича, ҳозирда 27 киши касалхонада ётибди. Саккиз нафар бемор эса уй шароитида даволанмоқда.

«Ага-Ини тез овқатланиш шохобчаси мижозларининг оммавий заҳарланиши 27 июнь куни юз берди. Эртаси куни жабрланганлар касалхонага боришни бошлаган», - деган у.

Бош шифокорнинг айтишича, муассаса ёпилиб, 7,5 минг сом жаримага тортилган.

Жалолобод шаҳридаги оммавий заҳарланиш 30 июнь куни маълум бўлган. Ўшанда 22 киши заҳарланиш оқибатида касалхонага етказилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу факт юзасидан Санитария-эпидемиология назорати ходимлари томонидан суриштирув ишлари бошлангани ҳақида хабар берган.

Аввалроқ Бишкекдаги тез овқатланиш шохобчаларидан бирида ҳам худди шундай оммавий заҳарланиш содир бўлганди. Заҳарланганлар «Эл эмне жейт» тез овқатланиш шохобчасида шаурма еган.

Натижада кўрсатилган муассасада режадан ташқари текшириш ўтказилиб, ресторан эгасига 13 минг сом жарима солинган. Шунингдек, қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича санитария кўрсатмаси ҳам чиқарилган.