Қирғизистонда энди казино очса бўлади — президент қонунни имзолади

938

Президент Садир Жапаров Қирғизистонда казино фаолиятига рухсат берувчи қонунни имзолади. Бунгача парламентда қонунни қабул қилиш баҳс-мунозаралар билан ўтиб, мамлакатнинг бир қатор шаҳарларида қиморхона очишга қарши намойишлар бўлган.

Президентнинг матбуот хизматидан таъкидлашганидай, қонуннинг мақсади «инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароит яратиш билан давлат бюджетга қўшимча ресурсларни олиб келиш» ҳисобланади.

Қабул қилинган қонунга кўра, Қирғизистоннинг фуқаролари, шу билан бирга меҳнатга лаёқатсиз ёки 21 ёшга тўлмаган чет элликлар қиморхонанинг мижози бўла олмайди.

Шунингдек, кўнгилочар ўйинлар фаолиятини олиб борган юридик томонлар лицензияни ўн йиллик муддатга олади. Бунгача лицензиянинг баҳоси 1-1,5 млн долларни ташкил қилади деб айтилган. Лицензияни вазирлар маҳкамаси беради.

Ўйин масканлари болалар боғчаси, мактаб, ОЎЮ ва бошқа таълим муассасаларида, тиббиёт маҳкамаларининг, турар-жойларнинг ичига жойлаштирилмайди.

Президент шунингдек Солиқ кодексига тўлдиришлар киритди. Унга кўра, бир ўйин столи учун солиқ миқдори 2022 йили – 750 минг сомни ташкил қилади, 2023 йили – 1 млн сомга кўтарилади, 2024 йилдан бошлаб – 1 млн 250 минг сомни ташкил қилади. Ўйин столи учун ҳақ ой сайин тўланади.

Шунингдек бунгача, қонун лойиҳасига «онлайн-казино» ва «виртуал-электрон казино» тушунчаси киритилгани аниқ бўлган. Вазирлар маҳкамаси қабул қилинганидан кейин бу тармоқни изга солувчи тегишли ҳуқуқий меъёрларни ишлаб чиқишни ваъда қилган. Депутат Дастан Бекешев бу ҳақда хавфли вазиятлар борлигини айтиб, онлайн-казинони назорат қилиш мумкин эмаслигини таъкидлаган.

Казино бўйича баҳслар

Қирғизистонда казино фаолиятига 2012 йилнинг 1 январида таъқиқланган. Қонун лойиҳасининг ташаббускори, ўша вақтдаги депутат Бакитбек Жетигенов казиноларни ва ўйин автоматлари қимор ўйинларига яқин одамларнинг маънавий ва руҳий ҳолатига «салбий» таъсир кўрсатаётганини таъкидлаган.

Ташаббусни ўша вақтдаги Қирғизистоннинг экс-президенти Роза Отунбаева ҳам қўллаб-қувватлаб, казино фаолияти жамиятга «жуда ёмон» таъсир кўрсатаётганини билдирган. Аммо шу билан бирга, ўйин жойлари тўлиқ ёпилган кунда ҳам «масаланинг томири чуқур экани» ва «бизнес яширин бўлиб, тўхтамаслигини» таъкидлаган.

Казино эгаларининг 2011 йили парламент олдидаги митинги. Сурат: Kloop.

2015 йили тотализаторлар ва букмейкер контораларнинг фаолияти ҳам таъқиқланган.

2022 йилнинг 22 июнида Жогорку Кенеш депутатлари казино, тотализатор ва букмейкер конторанинг ва ўйин автоматларининг фаолиятини қайта мамлакат миқёсида қонунийлаштириш бўйича лойиҳанинг иккинчи ва учинчи ўқишда қўллаб-қувватлашган.

Вазирлар маҳкамаси бундай ташаббус республика бюджетига тушган маблағни кўпайтиради, маблағ эса ижтимоий масалаларни ҳал қилишга сарфланади деб ишонтирган. Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаровнинг таъкидлашича, бу йил казино фаолиятидан 1-2 млрд сомгача маблағ топиш режалаштирилмоқда.

«Хитойнинг қарзини тўлаш керак. Мамлакат бўйича 245 мактаб яроқсиз аҳволда. Уни қуриш лозим. Етмаяпти. Депутатларнинг мурожаатларини кўриб чиқсак, камида 80 миллиард сом маблағ зарур. Шунинг учун депутатларнинг топшириғи, президентнинг топшириғи билан бўлган манбаларини қидиряпмиз. Контрабанда билан курашяпмиз. Яхши кўринмоқчи бўлсак, мен ҳам ўтираверардим», — деган Жапаров парламентнинг 22 июндаги йиғилишида.

Лекин вазирлар маҳкамасининг иқтибослари 22 июнда депутатларнинг ҳаммасини ҳам ишонтира олмади. Улар ҳукумат казинога фақат чет элликларни киритишни таъминлай олмайди дея таъкидлаган.

Парламент регламентига кўра, рўйхатдан ўтган ҳамма депутатлар қонун лойиҳасига овоз бериши керак эди. Аммо «Бутун Қирғизистон» мухолифат фракциянинг лидери Адахан Мадумаров бошчилигидаги бир нечта депутат «маъқул» ёки «қарши» деб овоз бермаган.

Натижада овоз бериш тўрт марта тўхтаб қолган. Бир неча соатлик муҳокамадан кейин қонун лойиҳасини раис Талант Мамитов қайтадан овоз беришга қўйган. Бешинчи марта ҳаракат қилинганидан кейингина ташаббусни 59 депутат қўллаб-қувватлаб, 9 киши қарши чиққан. Яна 6 депутат овоз бермаган. Шундан сўнг раис Конституцияда кўпчилик овоз бериш билан қабул қилинади деган меъёрга тўхталиб, қонун лойиҳаси қабул қилинганини эълон қилган.

Аммо қонун лойиҳаси Жогорку Кенешда қабул қилинганидан кейин Бишкек, Ўш ва Балиқчи шаҳрида казинони қонунийлаштиришга қарши намойиш ўтган. Митингга чиққанлар президентдан қонун лойиҳасига вето қўйишни илтимос қилишган.

Оқ уй олдидаги казинога қарши митинг. Сурат: «Азаттык».

Шундай бўлса ҳам Жапаров 25-июнда «Кабар» ахборот агентлигига интервью бериб, казинони қонунийлаштириш лойиҳасини қўллаб-қувватлаган депутатларга миннатдорчилик билдириб, казинодан «ғазнага миллиардлаган солиқ тушади» деб таъкидлаган.

«Шу маблағлар билан қишлоқларимизнинг йўлларигача таъмирлайлик, ташқи қарзимиздан қутулайлик, халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаб олайлик. Казинодан тушган маблағлари билан қолган ҳамма вазирликларнинг маошларини ҳам юқори даражага кўтарамиз. Давлат ходимларининг ойлик маошларини бир ойдан иккинчи ойга оилаларини боқишга бемалол етадиган даражага чиқаришимиз лозим. Шундагина коррупция тўхтайди», — деган Жапаров.

Бундан ташқари, президент ҳукумат Қирғизистоннинг фуқаролари казинога киритилмайди деб «кафолат» беришини таъкидлаган.