Жогорку Кенешнинг 29-июндаги йиғинида «Жисмоний шахсларнинг активларини легаллаштириш ва амнистия бериш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда овоз беришга қўйилди.
Аммо депутатларнинг аксарияти қарши овоз бергани сабаб, парламент етакчиси Талант Мамитов беш марта овозга қўйишга мажбур бўлди. Депутатлар Адахан Мадумаров, Исхак Масалиев, Нуржигит Қадирбеков, Элвира Сурабалдиева ҳамда Динара Ашимова овоз бермаган.
Масалиев овоз бермаганини қонун лойиҳасида барча жиноят қилганларга амнистия берилиши ёзилиб қолгани билан тушунтирди. У қонун қўлланса одам ўлдирганлар, коррупционерлар ҳам кечирилишини эслатди.
«Тасодифан йўл-йўлакай овозга қўйиш тўғри эмас. Унинг вақти, соати бор. “Бўлаверади, аввал ҳам бўлган” деган нарса аргумент бўла олмайди. Муҳокама бўлаётганда ҳукуматнинг вакили порахўрларга берилмайди деб айтган. Қонунни кўриб чиқсак, барча жиноятлар тўғри келар экан. Биз буни қилмаслигимиз керак», — деб ҳамкасбларига мурожаат қилди.
Ҳукуматнинг парламентдаги вакили Алмасбек Абитов эса қонун лойиҳасига овоз беришни кейинги йиғинга қолдиришни таклиф қилди. Аммо унинг таклифи парламентда тортишувни пайдо қилиб, етакчи Талант Мамитов кун тартибидаги бошқа қонунларга овоз берилгандан кейин кўрайлик деган қарорга келди.
Депутат Марлен Маматалиев парламентнинг регламентига кўра, қонун лойиҳаси овоз беришга жўнатилгандан кейин кун тартибидан олиб қўйиш мумкин эмас эканини таъкидлади.
Балбак Тулобаев эса депутатларнинг овоз бермаётганини «шоу эмас, сиёсий балл тўплаш» деб атаб, овоз бериш вақтида депутатларга сўз берган етакчи билан ўринбосарларини «мустаҳкам турмайсизларми» деб танқид қилди.
Бироқ сўнгида Талант Мамитов қонун лойиҳасига овоз беришни кейинги йиғинга кўчирди.
Бунга қадар «Жисмоний шахсларнинг активларини легаллаштириш ва амнистия бериш ҳақида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилаётганда «Бутун Қирғизистон» партиясининг лидери Адахан Мадумаров ҳукумат қонун лойиҳаси орқали ўғриларни қонунийлаштиришга ҳаракат қилаётганини айтган.
Унга вазирлар маҳкамасининг етакчиси Ақилбек Жапаров ўзи жавоб бериб, қонун лойиҳасининг мақсади яширин иқтисодни очиққа чиқариб, солиқнинг кўламини кўпайтириш деб ишонтиришга ҳаракат қилган.