Ўш: «Манас-Ата» кафесининг эгаси администратор ишдан олинганини айтиб, халқдан кечирим сўради

330
Сурат: Ўш ШИИБ

Ўш шаҳридаги «Манас-Ата» кафесининг эгаси Бахтиёр Ғуломов ва администратори Машрабхон Кушакбаева милицияга чақиртирилди.

Ўш ШИИБи пресс-релиздан ташқари Ғуломовнинг видео мурожаатини эълон қилди. Унда у тушмунмовчилик бўлганини айтиб, журналистарга қўпол муомала қилган Кушакбаева ишдан олинганини билдирди.

«Ҳурматли қирғизистонликлар, бизни кечиринглар. Камчиликларни тузатиб сизларни кутиб олишга тайёрмиз», — деб жамоатчиликдан кечирим сўради кафенинг эгаси.

Милициядан Кушакбаеванинг журналистлар билан бўлган можарода айтган сўзларига лингвистик экспертиза тайинланганини таъкидлашди.

«Не сахар» дастури «Манас-Ата» кафесини текширган. Дастур Ютубга 28-июнда юкланди. Журналист Умар Даданов кафега кирганда ўзини ходимман деб таништирган киши унга тўсқинлик қила бошлаган.

Журналист касбий фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни айтиб, кафенинг ичини ва ошхонани кўрсата бошлаган. Унда ошхонада қопга солинган чиқиндилар ирғитилмай турган, бинонинг ичи ҳам санитария талабларига жавоб бермаган. Бундан ташқари овқатга ишлатилувчи кўкатлар ерда ётган бўлган.

Ошхонани текшириб юрган вақтда кафенинг ходими уни ташқарига олиб чиқиб, қайта киргизмай қўйган. Ўша вақтда кафенинг администратори келиб, журналистга қўпол муомала қилган.

«Не сахар»нинг жамоаси ҳуқуқларини ҳимоя қилишни илтимос қилиб милиционерларни чақиргани билан улар ҳеч қандай чора кўра олишмаган.

Кафенинг ичига киргизмай қўйгандан кейин администратор Машрабхон Кушакпаева журналистга мурожаат қилиб кечирим сўрашни талаб қилган. Унга қўшилиб милиционерларнинг бири ҳам бир неча марта «кечирим сўраб қўй» деб илтимос қилган. Аммо журналист нима учун кечирим сўрашим керак деб норози бўлган.

«Не сахар» лойиҳасининг дастури Ютубга чиққандан кейин видеонинг остига 15 мингдан ортиқ изоҳ ёзилган. Интернет фойдаланувчилари милиционерларни ўз ишини билмайди деб танқид қилишмоқда.