«МедиаХаб» суриштирувчи журналистлари Бишкекнинг жануби-ғарбий тарафидаги трансформацияланган 28 гектар суғорилувчи ер бўйича репортаж намойиш қилишди. Унда аҳоли трансформациялаган тараф мазкур шаҳарчанинг инфраструктурасини яхшилаймиз, деган ваъдасини бажармаётганидан шикоят қилишди.
Аввалроқ «Политклиника» нашри суриштирув эълон қилиб, унда мазкур ерга Ақилбек Жапаровнинг онаси ва қайнсинлиси эгалик қилиши аниқланган. Улар ерни улуш эгаларидан сотиб олгани айтилган.
«МедиаХаб» журналистлари «Кадастр»га мурожаат қилиб, 28 гектар ер аввал «Достук» колхозига тегишли бўлганини аниқлашди. 1996 йили аграр ислоҳот вақтида ер Кўкжар қишлоқ ҳудудида жойлашган аҳолига улуш сифатида берилган.
2009 йили эса икки аёл сотиб олган ер суғориш категориясидан «Аҳоли истиқомат қилувчи ер» категориясига трансформация қилинган. Уни ўша вақтдаги вазир ўринбосари Игор Чудинов имзолаган — ўша вақтда Жапаров иқтисод вазири бўлган.
Суриштирувчи журналистлар бу ерга вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров ўзи эгалик қилади деб тахмин қилишмоқда-чунки улар Жапаров яқинларининг бошқа катта бизнесларини топа олишмади. Одатда амалдорлар бойликларини яшириш учун мулкларини яқинларига қайд этиб қўйишади.
Аҳоли шикояти
Кейинроқ бу ерларни Жапаров яқинлари куёв ўғли Элдар Алишеров орқали бошқа аҳолига сотган. Ер «Айкол» шаҳарчасига айланган.
Ер участкаларини ўтказиш бўйича қонуннинг 5-моддасига кўра, участканинг инфратузилмасини яхшилаш трансформацияланган мулкнинг эгасига юкланади.
Аҳоли Жапаров яқинлари инфратузилмани яхшилашни ваъда қилиб, аммо эътибор бермай келаётганини таъкидлашди. Шунинг учун улар сув ва йўл масаласини ўзлари хал қилишга ҳаракат қилаётганини айтишди.
«Биз бу ерга кўчиб келганда электр линиялари тортилибди. Шартномада йўл, сув, ёруғликни таъминлаб берамиз деган ваъдаси бор экан. Лекин биз келганда йўл йўқ эди. Аҳоли ўзимиз ҳаракат қилиб йўл қилдик [...] Суқни ҳам чиқариб бермай қўйганидан, биз ортидан қувиб юриб, чиқартирганмиз», — деди турғун.
Шунингдек аҳоли ҳудудда болалар боғчаси, мактаб, шифохона йўқлигини айтишди.
«Айкол» участкасининг бош режасида 300дан ортиқ участка бор. Улар 3 та болалар майдончаси, бир болалар боғчаси ва спорт майдончаси қурилиши керак деб кўрсатилган. Ерни сотганлар ҳаммасини қуриб берамиз деб ваъда қилишган, лекин шу кунгача фақат битта болалар майдончаси қурилган.
Аҳолининг сўзларига кўра, бунгача ўзини Жапаровнинг ёрдамчисиман деб таништирган Нурсултан Сайпидинов исмли йигит ҳар бир уйдан пул тўплаган. Шундан буён 4 йил ўтгани билан ўзини ҳам сувидан ҳам дарак йўқ.
«У йигит ҳар бир уйдан 500, 1 000 кейин 1 500 доллардан пул олган эди. Ҳаммаси 40-50 минг доллар олиб уриб, охирида қочиб кетган. Кейин биз 2 йил аввал ариза ёзиб, қўлга олганмиз. Нурсултан бизга 10 минг долларга битириб бераман деб ишончнома ёзиб берган. Биз бу йигитни яна қидиряпмиз», — дейди турғун.
Яна бир турғуннинг таъкидлашича, «Кўкжар-Суу» МЧЖи аҳоли билан сув чиқариб бериш учун шартнома, акт тузишган. Аммо бу ваъда шундан буён бажарилмай келмоқда.
“«Кук-Жар-Суу» деган ҳаммасини бошлаган. Унинг директори Улан бўлган. Нурсултан эса халқни алдаб пул тўплаб кетган. Биз охирги марта қўнғироқ қилганимизда «хўжайиним билан гаплашдим. Ақилбек Жапаров ҳокимларни юборган. Мен гаплашиб қўйдим, сизлар хат орқали мурожаат қилинглар» деди. Биз 4-5 кундан буён Аламудун милиция бўлимига ариза ёзиб, мурожаат қиляпмиз, — деди турғун.
Мазкур участканинг эса инфраструктураси нима сабабдан тўлиқ бажарилмаган деган савол билан журналистлар вазирлар маҳкамасининг раиси Ақилбек Жапаровга мурожаат қилди.
«Ақилбек Жапаровга саволлар кўп. Ерни кимдан сотиб олган? Трансформация қандай ўтган. Нима учун ваъда қилинган йўллар, болалар майдончаси, боғча ва бошқа инфраструктуралар солинмади? Ҳукумат бошлиғи ваъдаларни бир участка миқёсида бажара олмаса, унинг «Қирғизистонни ривожлантираман, гуллатаман» деган сўзига ишонса бўладими?», — деб савол берган журналист.
«ПолитКлиника» нашрининг мухбирлари «Коррупция вакцинаси»: Акилбек Жапаров билан Игор Чудиновнинг шубҳали ишлари», деб номланган суриштирув чоп этган.
Унда журналистлар номи тилга олинган расмийларнинг қариндошлари қишлоқ-хўжалиги йўналишидаги ерларни янги участка категориясига трансформация қилиб олганини, мазкур схемаларда Жапаров қариндошларига собиқ вазир ўринбосари Игор Чудинов ёрдам берганини аниқлаб чиқишган.
Унда Игор Чудинов фақат бу ер участкаларини трансформация қилмасдан, ҳамкасбининг қариндошлари манфаати учун яна бир қанча буйруқларни имзолаганини ошкор қилишган.