Жогорку Кенешнинг 22-июнь кунидаги мажлисида депутат Шайлообек Атазов Қирғизистондаги мактабларнинг ўрта билим бериш тизимини танқид қилиб, бир қатор таклифларни киритди.
«Бугунги кунда Қирғизистонда 1 млн 350 минг ўқувчи таҳсил олади […]. “Алтин тамға” сертификатига 80 ўқувчи эга бўлди […] Қирғиз Республикасида 2341 мактаб бор. 345 мактаб авария ҳолатида. Мана шу муаммоларни айтиш билан мактабларда муаммо кўплигини айтмоқчиман», — деди Атазов.
Депутат агар таълим вазири «миллатнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқара олмаса, унда у истеъфога чиқиши керак» деб ҳисоблайди.
«Қишлоқдаги ота-она охирги қўйини, молини сотиб бўлса ҳам, фарзандим билимли бўлса деган нияти бор, шартномасини тўлайди. Шу билимга бўлган муҳаббатимиз билан бошқа миллатлардан фарқланамиз. Энди миллатнинг интеллектаул салоҳиятини тўлиқ амалга оширишда биринчи вазифа бу — Таълим вазирлигининг вазифаси», — деди Атазов.
Атазовнинг фикрига кўра, таълим даражаси ҳар қайси туманда турли хил ҳамда вазир бу йўналишда иш олиб бориши лозим.
«Балки ҳозир қишлоқларда ҳақиқий даҳолар тоза булоқ сувини ичиб, тоза ҳаводан нафас юргандир... Шуларни биз бугунги кунда қидириб топмасдан, 11-синфни битириб миграцияга кетиб қолишмоқда. Улар шундан кейин истеъдодини ўстира олмаяпти [...] Иккинчидан, бугунги кунда мактабларда босим кўп, кўпчилик фанларни қайта инвентаризациядан ўтказиш керак. Тушунарсиз фанлар мавжуд. Бунинг ўрнига биз илҳомлантирувчи дарсларни, жамоада ишлаш, сотмаслик, тезкор қарор қабул қилиш каби илҳомлантирувчи фанларни кучайтиришимиз керак», — деди Атазов.
Депутат шу билан бирга диншунослик ва ҳорижий тиллар бўйича дарсларга ҳам тўхталиб ўтди.
«Биз мактабларимизда тил ўрганиш стратегиясини ишлаб чиқишимиз керак. Чунки бугун мактабларда давлат тилини билмайдиган ўқувчилар бор. Бу ерга келиб, давлат тилида гапира олмайди, “чулдираб” юрган амалдорларни кўриб, ранжийсан […] Рус, инглиз тилини–бизнинг ўқувчиларимиз камида учта тилни билишлари керак […] Ҳозир динларнинг ривожланиши деган фан киритиб қўйди. Уни ким ва қачон ўқитиши бўйича таълим вазири аниқлик киритмади. Ҳозир ота-оналар қўнғироқ қилиб, қайси динларни ўрганади, ҳавфи бор-йўқлигини сўрашмоқда», — деб қўшимча қилди депутат.
Атазов шу билан бирга ҳарбийгача тайёргарлик дарсларида ўқувчиларга автоматларни бериш керак деб қўшимча қилди.
«Ҳеч бўлмаганда ёғочдан автомат ясаб, тошдан граната тайёрлаб, отишни ўргатиш керак. Чунки, бугун Таълим вазирлиги билан Мудофаа вазири ўтириб, сиз бизга автомат бериб турасиз мана бу дарсларда, қайтариб олиб кетасиз деб ҳамкорликда шуни киритса, 10-11-синфнинг болалари чегарани химоя қилишга, ватанни севишга, миллатни ҳимоя қилишга бўлган бир тарбия билан катта бўларди», — деб ҳисоблайди депутат.
Парламент депутати шу билан бирга болаларни «ватан учун жон фидо қилишга тайёр» бўлгандай тарбия қилиш керак деб ҳисоблайди.
«Бугун Аллоҳ сақласин, чегарага бир ҳужум бўлса, ким муҳофаза қилади деса, “ўша офицер касбини танлаганлар ҳимоя қилаверсин” деяпти болалар. Сизлар-чи десангиз, “биз Европага чиқиб турамиз, кейин битганида кирамиз” деб. Бу ватанпарварлик эмас. Ватан учун жонини фидо қилишга тайёр ўғил-қизларни ўстиришимиз керак», — деди депутат.
Макталардаги ҳарбий тайёргарлик
Мактабларда ҳарбийгача тайёргарликни аввалги даражага етказиб, ҳар бир вилоятда ҳарбий коллежларни очиш ҳақида 6-июнда мудофаа вазири Бактибек Бекболотов айтган.
Унинг таъкидлашича, тегишли «ишлар олиб борилмоқда».
«Таълим вазирлиги билан бирга [ҳарбийгача тайёргарликни] аввалги даражага еткизайлик деяпиз. Таълим вазирлиги биргаликда ҳар бир вилоятга ҳарбий коллеж очиб олсак. 9-10-11-синфда ўқиган болаларимизнинг кўпчилиги бугунги кунда эътиборсиз қолмоқда. Интернетда кўриб турибсизлар, қўшни давлатларда свастика тақиб юрганлар бор, афсуски худди шу Марказий Осиёда. Бизда аллақачон унинг тарафдорлари бор. Шунинг учун коллеж очиб олсак. Ҳафсаласи пир бўлган болаларимиз, бугун ё фашизмга, ёки экстремизмга кириб кетади», — деган у.
Бекболотов ҳарбий коллежларида таҳсил олган ўқувчиларни ҳарбийга бориши мажбурий бўлмайди, аммо у ерда «тарбия» олишини қўшимча қилди. Мудофаа вазири ўз сўзи якунида депутатларга қонун лойиҳаси тайёр бўлганда халқ ваклларига тавсия этилишини айтган.