Стивен Сигал, Ингрид, Валдис Пельш. Собиқ депутат Азамат Арапбаев ўғлининг никоҳ тўйини ўтказди

Собиқ депутат Азамат Арапбаев 18-июнда «Клёновый лист» гольф-клубида ўғли Данияр Арапбаевнинг никоҳ тўйини ўтказди. Бу ҳақда шахсий манбаларига таяниб Kaktus.media нашри билдирди.

Видео Kaktus.media

Тўйни ўтказиш учун махсус йирик чодир қурилгани айтилади. Тўйнинг ўзини эса россиялик шоумен ва артист Валдис Пельш олиб боргани маълум бўлди.

Сурат: Kaktus.media

Никоҳ тўйида америкалик актёр Стивен Сигал ҳамда қўшиқчи Ингрид ҳам меҳмон бўлгани айтилади. Бунга қадар КТРКнинг собиқ етакчиси Илим Карипбеков Стивен Сигал Қирғизистонга келганини ёзган эди.

Нашрнинг шахсий манбасининг айтишича, тўйга ўлканинг юқори лавозимдаги амалдорлари билан тадбиркорлар ҳам чақирилган. Аммо кимлар экани аниқ айтилмаган.

Сурат: АКИпресс

Азамат Арапбаев — Жогорку Кенешнинг VI чақирилишининг энг бой депутатларидан бири. 2019-йили у 33 млн 922 минг сом даромад топган. 2020-йили эса собиқ депутатнинг шахсий даромади, деклерацияга кўра 54 млн 405 минг сомни ташкил топган.

Арапбаевнинг даромадининг умумий миқдори икки йилда 88,3 млн сомни ташкил қилган. Бу вақт давомида депутатнинг қариндошлари 198 млн сом даромад топган.

Аввалроқ «Азаттык» Арапбаевнинг «Гром» деб аталган қўриқлаш агентлиги ва шундек номдаги спорт клуби борлигини ёзган. Аммо собиқ депутат бу маълумотни инкор қилган.