COVID-19га қарши вакцина сотиб олишдаги «коррупция» ишида айбланаётган соғлиқни сақлаш вазирининг собиқ ўринбосари Улук-Бек Бектурганов уй қамоғига чиқарилди. Бу маълумотни Бишкек шаҳар судининг матбуот хизмати тасдиқлади.
Шаҳар судидан Бектургановнинг эҳтиёт чораси 17-июнда ўзгартирилганини таъкидлашди.
Бектурганов 2-июнда коронавирусга қарши вакцина сотиб олишдаги «коррупция» иши бўйича хибсга олиниб, икки ойга қамоққа олинган. У билан бирга Эмлаш марказининг директори Гулбара Ишенаписова, Дори воситалари ва тиббиёт буюмлари департаментининг бўлим бошлиғи Султан Сатарбеков ҳам қўлга олинган. Ишенаписова бир ойга хибсга олиниб, Сатарбеков уй қамоғига олинган.
Худди шу иш бўйича хизматидан вақтинча четлатилган соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев ҳам бир ойга МХДҚнинг СИЗОсига чиқарилган.
Бош прокуратура маълумотига кўра, Бейшеналиев тўрт модда билан еттита жиноятда гумонланмоқда. Биринчиси «Порахўрлик» моддаси билан қўзғалган. Бош прокуратурадан 2021-йили вазирнинг шахсан топшириғи билан коронавирусга қарши 2 млн 460 минг доза вакцина асоссиз сотиб олганини билдиришган. Натижада бюджетга деярли 1,6 млрд сом зарар келгани айтилган.
4-июнда Вазирлар маҳкамасининг раиси Акилбек Жапаров соғлиқни сақлаш вазирининг уч ўринбосарини — Жалалидин Рахматулаев, Улук-Бек Бектурганов ва Жапаркул Ташиевни лавозимидан озод этган.