Вазир Алмазбек Бейшеналиев: Янги ўқув йили 1-сентябрдан бошланади

351

Таълим ва фан вазири Алмазбек Бейшеналиев Жогорку Кенеш 16 июнь кунидаги йиғилишида янги ўқув йили 1-сентябрдан бошланишини маълум қилди.

Бейшеналиев 17-июнда Вазирлар Маҳкамасига тегишли лойиҳани киритишини айтди. У вазирлик ўқитувчилар ва фуқаролар ўртасида сўров ўтказганини, уларнинг аксарияти ўқув йилини 1-сентябрдан бошлаш қарорини қўллаб-қувватлаганини таъкидлади.

Янги ўқув йили 1-сентябрдан бошланишини бунгача «Клооп»га Таълим вазирлигининг матбуот хизмати ҳам маълум қилган. Унда маҳкамадан вазирликка ота-оналар билан ўқитувчилар ўқув йилини аввалги тартибини қайтаришни илтимос қилиб мурожаат қилишганини айтган.

Норози ота-оналарнинг айтишича, янги жадвал ўқувчиларни чарчатиб қўйган, баъзилари эса ўқишга келмай қўйишган.

2021-йил августида ўша пайтдаги Вазирлар Маҳкамасининг раҳбари Улукбек Марипов Қирғизистонда ўқув йили бошланиши доимий тарзда 15 сентябрга кўчирилганини маълум қилганди. Вазирликнинг таъкидлашича, янги ўқув йили жадвали «коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият ва фуқароларни эмлаш» ҳамда «сайёҳлик мавсумининг узайиши» муносабати билан қабул қилинган.