МХДҚ Равшан Жээнбеков ўғлига мамлакатдан чиқишни таъқиқламаганини айтди

254

Жогорку Кенешнинг 16 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишида депутат Сеидбек Атамбаев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси сиёсатчи Равшан Жээнбековнинг ўғли – Азат Равшанни Қирғизистондан чиқармаётганини  айтди.

«Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидан сўроққа чақирилибди. Отаси NextTV телеканали билан боғлиқ иш бўйича гувоҳ сифатида чақирилди, лекин бунга унинг алоқаси йўқлигини айтади. У Америкада яшайди, Америкада ўқийди. Кейин ўша болага "қизил байроқ" қўйиб қўйди. Энди уни олиб ташласа ҳам бўлади. Унинг гуноҳи нима? Бола отаси учун жавобгар эмаску?» - деди Атамбаев.

Кейинроқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Атамбаевнинг даъволари «ҳақиқатга тўғри келмайди» деган баёнот тарқатди.

«Азат Равшаннинг Қирғизистон Республикасидан чиқиб кетиш ва эркин ҳаракатланиш конституциявий ҳуқуқи Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан чекланмаган», — дейилади махсус хизмат хабарида.

Бироқ мухолифат етакчиси Равшан Жээнбеков «Клооп» мухбирларига берган интервьюсида МХДҚ хабарини рад этди. Унинг сўзларига кўра, махсус хизматлар маълумотларни манипуляция қилмоқда.

Жээнбековнинг ўғли Азат аввалроқ отаси эгалик қилган Next TV телеканалининг иши бўйича  Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида сўроқ қилинган эди. Кейинчалик маълум бўлишича, унга мамлакатдан чиқиш таъқиқланган.

3 март куни МХДҚ Next TV телеканалига нисбатан жиноий иши қўзғатилганини маълум қилди. Махсус хизмат Next телеканали ижтимоий тармоқлар орқали «Украинадаги махсус операцияда Қирғизистон Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатиши тўғрисида келишувга эришилган деган ёлғон маълумот тарқатган» деб хисоблайди. Журналистлар манба сифатида Қозоғистон махсус хизматининг собиқ раҳбари ҳисоботига таянган.

Мазкур иш юзасидан телеканал директори Таалай Дуйшенбиев ҳибсга олинган. Суд унинг эҳтиёт чорасини бир неча бор узайтирди. Сўнгги эҳтиёт чораси 2022-йил 3-июлгача узайтирилди.