Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Камчибек Ташиев «Новые лица» нашрига берган интервьюсида собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг қамоқда сақлаш шароитлари ҳақида гапириб берди. Унинг сўзларига кўра, амалдаги ҳукумат Атамбаев учун барча зарур шароитларни яратиб берган.
«Алмазбек Шаршеновичдан сўрасангиз, аксинча у қамоқхонада барча шарт-шароит яратиб берилгани учун ҳозирги раҳбарларга раҳмат айтади, холос», — деди у.
Ташиевнинг собиқ президентнинг қариндошлари №47 колонияга Атамбаевга исталган вақтда ташриф буюришаётганини, бундан ташқари унинг алоҳида хонаси, у ерда телевизор, компьютер ва телефон борлигини таъкидлади.
«Масалан, худди шу №47 колонияни олайлик. Биз уни шу ерда, тергов изоляторида ушлаб туришимиз мумкин эди. Лекин биз: “Бундай бўлмайди, собиқ президент. Унга шундай имконият берайлик” дедик», - деди Ташиев.
Ҳозирда, Ташиевнинг сўзларига кўра, Атамбаев бошқа колонияда сақланмоқда, бироқ у қаердалигини эслай олмади.
«У ерда ҳам барча шароитларни яратиб бердик, хонани таъмирладик. Биз у хоҳлаган ҳамма нарсани қилдик. Кондиционер, телевизор ўрнатдик. Компьютер киритиб берилган. Интернети бор. Қариндошлари, дўстлари ва бошқалар, ким хоҳласа киришлари мумкин», — деди Ташиев.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Атамбаевнинг ғайриинсоний шароитларда ҳибсга олингани ва қийноққа солингани ҳақидаги иддаоларни ҳам рад этди.
Атамбаевни соғлиғининг ёмонлашиши ва унга қарши жиноий ишлар
Атамбаевнинг адвокатлари собиқ президентни колониядан даволаниш учун шифохонага ўтказилмаётганини бир неча бор таъкидлашган. Собиқ президент соғлиғи ёмонлашгани сабабли бир неча бор суд залидан тез ёрдам машинасида олиб кетилган.
Қийноқларга қарши миллий марказ собиқ президентни мажбуран судга олиб келинаётгани учун унинг соғлиғи кескин ёмонлашаётганини айтган.
Собиқ президент ҳуқуқ ҳимоячиларига ўтириш ёки туришига тўсқинлик қилаётган бел оғриғидан шикоят қилган. Шунингдек, бир оз қимирласа нафас ололмай оёғини ҳис қилмай қолаётганини айтиб берган.
№47 колонияга қарашли даволаш ва ахлоқ тузатиш муассасаси бош шифокори Атамбаев тўлиқ текширувдан ўтиши, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маслаҳати ва даволаниши зарурлигини таъкидлаган.
Май ойи охирида Алмазбек Атамбаев Миллий кардиология марказига ётқизилгани маълум бўлган эди. Унда адвокат Жоошев собиқ президентнинг аҳволи оғирлигича қолаётганини билдирган.
«Роппа-роса бир ой олдин Биринчи май туман суди Атамбаевга тиббий кўрикдан ўтишга рухсат берган. У стационар шароитда даволанмоқда. У ерда қанча вақт бўлиши номаълум», — деди у.
Апрел ойида Атамбаев Бишкекдаги 47- колониядан Чуй вилояти Молдовановка қишлоғидаги 27- колонияга кўчирилган эди. Алмазбек Атамбаев Чуй вилоятининг Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида икки кунлик штурмдан сўнг 2019-йилнинг 8-август куни қўлга олинган эди.
Алмазбек Атамбаевга нисбатан бир қанча жиноий ишлар қўзғатилган. У Қўй -Тош воқеаси, Туркия фуқароларига ноқонуний паспорт бериш, «қонундаги ўғри» Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод этилиши, Бишкекдаги «Калис-Ордо» участкасидаги мактаб қурилиши ва иссиқлик электр станциясини реконструкция қилишдаги коррупцияга алоқадор ишларнинг фигуранти.