Равшан Жээнбековга Казакпаевнинг ўлими бўйича МХДҚни танқид қилгани учун огоҳлантириш берилди

305

Мухолиф сиёсатчи Равшан Жээнбеков 14-июнь куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига сўроққа чақирилган эди. Бу ҳақда у Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилди.

Сўроқдан сўнг сиёсатчи Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси расмий огоҳлантириш берганини айтди.

«Агар ёлғон гапиришда давом этсангиз, жиноий иш очамиз, дейишди. Мен ҳозиргача айтганларимни ёздим ва тасдиқладим. Марат Казакпаевнинг [сиёсий таҳлилчи] ўлими бўйича Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси қошида мустақил комиссия тузишни талаб қилдим», — деди сиёсатчи сўроқдан кейин.

Равшан Жээнбеков саҳифасидан скриншот.

Аввалроқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчибек Ташиев «Новые лица» нашрига сиёсатчи Жээнбековнинг сўзлари «жиноят содир этилганлиги ҳақида била туриб ёлғон баёнот бериш» моддасига мос келишини айтганди.

Ташиев ходимларига Жээнбековни МХДҚ олиб келиш ҳақида кўрсатма берганини, унга «ёлғон маълумот тарқатмаслик ҳақида расман огоҳлантирилишини» қўшимча қилган.

Аввалроқ Жээнбеков МХДҚни танқид қилиб, сиёсий таҳлилчи Марат Казакпаев МХДҚ терговни кечиктиргани учун вафот этганини айтган эди. Унгача сиёсий таҳлилчи давлатга хиёнат қилишда гумонланиб, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан ҳибсга олинган эди.

Жээнбеков Ташиевнинг интервюсига ўз муносабатини билдириб, ҳозирги ҳукуматдан қўрқмаслигини айтган.

«Мен бу режимдан қўрқмайман, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидан ҳам, бундан ташқари Қамчидан [Камчибек Ташиевдан] ҳам қўрқмайман. Сиз жуда кучлисиз. Сизда пул, бойлик, ҳукумат бор. Чақирсанг - келаман, қамасанг- ўтираман. Ҳозирча сиз билан ҳали рақобатлаша олмайман, сиз жуда кучлисиз. Менда сўз ва сиёсий позициямдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Мен фақат бош эгишим мумкин », — деган сиёсатчи.