Чегарада ўқдан ҳалок бўлган сержантнинг оиласига берилган уйнинг қизил китоби қайтарилмаяпти

243
Хусниддин Хажиев ва рафиқаси Мохина Ўрунбаева

Ўтган йилнинг 8-июлида Боткен вилоятининг қирғиз-тожик чегарасидаги отишмада ҳалок бўлган чегарачи Ҳусниддин Ҳожиевнинг оиласига Боткен шаҳридаги «Мадина» шаҳарчасидан берилган уйнинг тасдиқловчи ҳужжатлари ҳамон қайтариб берилгани йўқ.

Марҳум чегарачининг рафиқаси Моҳина Ўринбоеванинг айтишича, уй топширилганидан уч ой ўтиб Боткен мэрияси уйнинг ҳужжатларини қайтариб олган. Бунга Ҳожиев ва бошқа аскарлар устидан очилган жиноят иши сабаб бўлган.

Бироқ Боткен гарнизони ҳарбий прокуратураси Ҳожиевнинг ўлими сабабли унга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини 26-феврал куни тугатган. Аммо уйнинг ҳужжатлари Ўринбоевага берилмаган.

«Мен бир қанча нарсаларимни олиб борганимдан кейин ўғлим бетоб бўлиб, Лайлакка келгандим. Орадан 3 ой ўтгач, маҳалла бошлиғи қўнғироқ қилиб, “Мадина”даги ҳамма уйларнинг ҳужжатларини тўғрилаймиз, сиз ҳам жўнатиб юборинг дегани учун юбордим. Кейинроқ ҳужжат олишга борганимда эримга нисбатан суд жараёни тугагунига қадар ҳужжатни ололмаслигимни айтишди», —дейди Моҳина Ўринбоева.

Боткен мэриясининг  матбуот котиби Данияр Улмасов маҳаллий рўйхатга олиш хизмати Ўринбоевага берилган уйнинг қизил китобини олганини тасдиқлади. У чегарачига нисбатан жиноий иш қисқаргани сабабли ҳужжатлар қайтарилишига ишонтирди.

«“Мадина” шаҳарчасидаги барча уйларнинг хусусий рақамларидаги хатоларни тузатиш учун ҳужжатлар олинди. Бироқ Ҳусниддин Ҳожиевга нисбатан жиноий иш қўзғатилаётгани сабабли ҳужжат вақтинча қайтарилмаган. Эндиликда ишларнинг қисқариши боис ҳужжатлар қайтарилади, марҳумнинг рафиқаси эса маҳаллий рўйхатга олиш бўлимидан олиб кетилиши мумкин», — деди Улмасов.

Ҳусниддин Ҳожиевнинг дафн маросими. Фото: "Турмуш"  нашри

Хусниддин Хажиевнинг ҳалок бўлиши ҳамда қўзғалган жиноят иши

Қирғизистон Чегара хизмати маълумотларига кўра, 2021-йилнинг 8-июль куни Чашмагилдан довони ҳудудида Боткеннинг тўрт нафар отлиқ чегарачисига тожик чегарачилари томонидан тўсатдан ўқ отилган. Оқибатда 2021-сонли ҳарбий қисмга қарашли «Тош-Тумшук» чегара заставасининг 27 ёшли сержанти Ҳусниддин Ҳожиев ҳалок бўлган. Унинг жасади билан яна бир чегарачини Тожикистон томони гаровга олиб, музокаралардан сўнг ўтказиб берган.

Кейинроқ Боткен вилояти раҳбари Абдикарим Алимбаев Ҳожиевнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, уни “қаҳрамонларча” ҳалок бўлганини таъкидлаган. Шунингдек, президент Садир Жапаров топшириғига кўра аскарнинг яқинлари Боткен шаҳридан уй-жой билан таъминланишини айтган.

Қадамжой туман ҳарбий прокуратураси воқеа содир бўлган куниёқ воқеа юзасидан суриштирув ишларини бошлаган. Ҳожиев ва яна икки аскарга «Чегара хизматини ўташ қоидаларини бузиш» моддаси асосида айб қўйилган.

Лайлак туман судининг 18-апрелдаги ҳукми билан чегарачилар И.У. ва У.З. айбдор деб топилиб, 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Аммо суд ҳукми билан чегарачиларга икки йиллик пробация назорати тайинланган.

Боткен вилоят суди «Клооп»га судланувчилар апелляция шикояти бергани ва суд маҳкамаси жорий йилнинг 20-июнь куни бўлиб ўтишини маълум қилди.

Марҳум чегарачининг ортида 22 ёшли рафиқаси ва икки ўғли қолди. Кичик ўғли отаси вафотидан кейин туғилган.

Муаллиф: Нурпейил Ашур қизи