Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев «Новые лица» нашрига унинг оиласида ҳеч ким ҳеч қачон “коррупцион схемалар”га алоқадор эмаслигини айтди.
Ташиев журналист Болот Темиров томонидан суриштирувидаги махсус хизмат раисининг оиласидаги коррупция ҳақидаги иддаоларни «тўқима» деб атади. У Темиров жамоасининг Ташиевлар оиласи билан алоқаси бор дейилган «Регион Ойл» компанияси ҳақида суриштируви чиққанидан сўнг журналистларга завод бўйлаб пресс-тур ўтказилганини эслатди.
Суриштирув маълумотларига кўра, «Регион Ойл» «Қирғиз Петролеум Компанида»ги мазут сотишдан 37 миллион сом даромад олган.
«У [Темиров] ўз эртакларини айтиб берганидан кейин ўнлаб журналистлар заводга бориб, коррупция йўқлигига ишонч ҳосил қилишди. Бу асоссиз айбловлар. Бу сўзлар [мухолифатчи] Равшан Жеенбековнинг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси қотил, деганига ўхшайди», — деди махсус хизматлар раҳбари.
Ташиевнинг ўғли тендерлар бўйича Temirov Live’нинг ўтказган текширувига ҳам изоҳ берди. Аввалроқ журналистлар Тай-Мурас Ташиевга тегишли «Мока Групп» ширкати бензин етказиб бериш бўйича Жалолободдаги тендерда ғолиб чиққани ҳақида хабар берган эди.
«Мамлакатда ўн минглаб турли тендерлар ўтказилади. Мен тадбиркорлик фаолиятини бошлаганимда, ака-укаларим, қариндошларим, биз олти нафармиз, ҳаммамиз ўза бизнес билан шуғулланардик. Дарҳақиқат, бир акам нафақага чиқди, икки акам эса, афсуски, яқинда вафот этдилар, шунинг учун бу бизнес ўғлимга ўтди. Биз мухолифатда бўлганимизда тендерларда қатнашардик», — деди Ташиев.
Унинг қўшимча қилишича, «ҳокимиятга келганидан кейин» оила аъзолари тендерларда қатнашмаган. Унинг ўғли эса тендерларда маҳаллий ҳокимиятнинг талабига биноан «ҳеч қандай ёмон ниятларсиз» қатнашган.
«Агар Болот Темиров қачондир давлатга ёрдам берса, чора кўриш учун ундан маълумот олишга тайёрмиз. Биз ҳар доим исталган шахсдан, исталган журналистдан маълумот олишга тайёрмиз, ҳар доим ошкормиз», — деди Ташиев.
Бундан ташқари, Ташиев Болот Темировга нисбатан жиноят иши Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси эмас, бошқа идора қарамоғида эканини таъкидлади.
Темировга қарши очилган жиноят ишлари
Ҳозирда Болот Темировга нисбатан жами тўрт жиноят иши қўзғалган: паспорт ва ҳарбий гувоҳномани ноқонуний олиш, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва гиёҳванд моддаларни тайёрлаш. Жиноят ишларининг бари Temirov Live’нинг журналистлари МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиевнинг қариндошлари давлат тендерларида қатнашаётгани ҳақида суриштирувларини эълон қилгандан кейин қўзғалган.
Темиров бу жиноий ишларни журналистларнинг гуруҳи МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиевни оиласининг «ишларини» ошкор қилгани учун таъқиб қилиш қатори баҳолаган. Адвокатлар журналистга қарши қўзғалган жиноят ишларини «бутунлай абсурд» деб аташган.
Бунга қадар Инсон ҳақлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR), Норвегиянинг Хельсинки қўмитаси (NHC), Инсон ҳақлари бўйича Хельсинки Фонди (HFHR) ҳамда Фуқаролик ҳуқуқ ҳимоячилари (CRD) суриштирувчи журналист Болот Темировга қўйилган айбларни олишни талаб қилишган.
Ташкилотдагилар мазкур жиноят ишларини «сиёсий» ва «юқори ҳукумат бутоқларидаги коррупция бўйича суриштирувлар учун аниқ ўч олиш» деб ҳисоблашади.