Ўшда маст одамлар уч инспекторни калтаклашда гумонланмоқда, томонлар бир-бирига қарши ариза ёзди

Ўш шаҳрида уч нафар милиция ходими хизмат вазифасини бажараётган вақтда калтакланди. Бу ҳақда шаҳар ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Милиция маълумотларига кўра, 12 июнь куни Ақ-Тилек кичик туманида шаҳар фуқароси хизмат машинасини бошқараётган патрул хизмати ходимига мурожаат қилган. У номаълум шахслар ҳужум қилганини айтиб, чора кўришни сўраган.

Милиция ходими етиб келганида, маст ҳолатидаги икки шахс Daewoo Matiz русумидаги автомобилини ҳайдамоқчи бўлаётганини кўрган. Милиция ходимлари уларни тўхтатмоқчи бўлганида, қаршилик кўрсата бошлаган.

Инспектор воқеа жойига икки ҳамкасбини чақирган, бироқ улар бўйсунмай, патрул милициясига ҳужум қилган.

Улар вилоят наркология марказига олиб борилиб, текширувдан ўтказилганда шахслар спиртли ичимликлар ичгани исботланди. Шаҳар ИИБдан маълум қилишича, маст одамлар марказга кетаётганда ҳам бир инспекторга ҳужум қилиб, унинг кийимини йиртиб ташлашган.

«Фуқароларни маст ҳолатда ушлаб туриш ва ҳужумлардан ҳимоя қилиш мақсадида милиция ходимлари қонунда белгиланган тартибда жисмоний куч ишлатган», — дейилади Ўш шаҳар ИИБ хабарида.

Жароҳатланган милициянинг уч нафар ходими тиббий ёрдам кўрсатлиши учун ўша куни Ўш шаҳар шифохонасининг травматология бўлимига олиб кетилган.

«Кимдир ултратовуш текширувидан ўтиши керак, кимдир невропатологга кўрсатилиши керак, деганмиз. Учинчи милиция ходими эса бошидан қаттиқ зарба олган учун  нейрохирургия бўлимида даволанмоқда. Унинг аҳволи қониқарли», - деди шаҳар соғлиқни сақлаш бўйича координатор ўринбосари Кубаничбек Ормошев.

Бу факт Сулаймон-Тоғ милиция  бўлимининг журналига қайд этилган. Милиция ходимлари ҳам, маст эркаклар ҳам бир-бирларининг устидан шикоят қилишган. Учинчи ариза эса мастлар томонидан калтакланганини айтган фуқаро томонидан берилган.