«Суянган тоғим йўқ энди». Аквапаркда чўкиб кетган ўқувчининг онаси суриштирув ўтказишни талаб қилди

386
Сурат Super.TV’нинг видеосидан скриншот тайёрланди.

6-июнда Бишкекдаги «Ала-Тоо» аквапаркида чўкиб ҳалок бўлган 9 ёшдаги Атай Аскат ўғлининг онаси Асел Азыкова Super.TV’га интервью берди. У ўғлининг ўлими бўйича мактаб директори билан аквапарк раҳбарияти жазосини олсин деб талаб қилди.

Азикованинг таъкидлашича, Атай бир ойдан кейин 10 ёшга тўлар эди. Аёл турмуш ўртоғи билан ажрашиб кетиб, ўғлини ёлғиз тарбия қилаётганди. Иккинчи марта турмушга чиқиб, яна бир ўғилли бўлган. Лекин соғлиги туфайли аро йўлда қолганда, кенжа ўғлини отаси тортиб олган.

«Атайнинг отаси кичиклигидан кўрмаган. Ўн йил вақт ўтганидан кейин “кўрай” деб майда ёзган, лекин келмади. Энди ўлигига келди… Бечора болам ота меҳрини кўрмади. Менинг суянадиган тоғим йўқ энди. “Катта бўлганимда укамни олиб келаман, у билан ўзим гаплашиб тушунтираман” деган эди. Биттасини отаси олиб кетса, яна бирини Аллоҳ олиб кетди», — деб йиғлади она.

«Соғлом боламни олиб кетиб, жасадини беришди»

Она ўғли синфдошлари билан аквапаркка борадиган кунни орзиқиб кутганини эслади. Бироқ мактабдан болалар билан бирга фақат бир ота-она бориши мумкин эканини айтишганидан, у билан бирга бора олмай қолганини айтди. У «қутқарувчилар бўлади» деб айтишганидан ишониб юборгандим дейди.

«Юбормай қўяй десам болалардан кам бўлмасин, синфдошларини олдида ўксинмасин дедим. Шундай деб боламни юборгандим. Болам жуда тайёргарлик кўрди, янги кийим олиб беринг деди. Олиб бердим. Ўзи сувга тушишни жуда яхши кўрарди [...] Соғлом боламни олиб кетиб, менга ўлигини беришди», — деди у.

Аёл воқеада мактаб директорини ва аквапарк раҳбариятини айбдор деб хисоблайди. Унинг сўзларига кўра, дам олиш жойида болалар кўп бўлган. «Ала-Тоо»ла эса хавфсизлик масаласига эътибор қаратилмаганини айтиб йиғлади.

«Биз у ерга борсак 20га яқин спринтер бор экан. 300га яқин бола бир-бирининг устида. Шундай бўладими, айтингларчи? Пул ишлаш учун шунча болани хавфга қўйиб нега олиб боришади? Ҳеч бўлмаганда ҳар бир ота-онани “ўзинглар олиб келинглар, фарзандларингизни ўзингиз назорат қилинглар” деса бўладику. Мен келаётганимда тез ёрдам келди. Нима учун эртароқ чақиришмайди?» — деб савол ташлади она қон қақшаб.

«Ким жавоб беради?»

У «тез ёрдам ходимлари “биз келгунга қадар бола вафот этибди” деб айтишиб, жасадини қўлимга бериб тарқаб кетишди» дейди. Аёл «ўша ерда икки соат боламнинг жасадини қучоқлаб ётдим» деб йиғлади.

Шу билан бирга Азикова воқеа ҳақида жамиятда турли сўзлар ва унинг шахсиятига нисбатан айбловлар айтилаётганидан хафа бўлди. У жамоатчиликка нотўғри маълумотларни ёзмасликни тарқатмасликни илтимос қилди.

«Ҳозир “эпилепсия касаллиги бор экан” деб айтишмоқда, менинг болам эпилепсия бўлмаган! Бир марта грипп бўлиб укол олмаган. Дўмбоққина эди. Тиббий ташхисномаларининг ҳаммаси тоза», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, экспертиза хулосаси ўсмирни сувда чўкиб ҳалок бўлганини кўрсатган. Азикова президент Садир Жапаровга ва тегишли идораларга мурожаат қилиб, ўғлининг ўлими юзасидан чуқур текширув ўтказишни ва айбдорларни жазолашни талаб қилди.

«2-гуруҳ ногирониман. Икки ярим йилдан буён қаттиқ касалга учраганман. Даволанаман. Фақат шу болам менга куч берарди[...] Энди ким жавоб беради? Нима учун шунча бола у ерга олиб боришди. Бола сувдан қалқиб чиқиб қолгунча нима қилишди улар айтингларчи?!» — деб норози бўлди у.

Super TV’га ўқитувчи билан бирга болаларни қараб юришга борган ота-оналардан бир ҳам изоҳ берди. У аквапаркка жуда кўп бола борганини, лекин фақат иккита қутқарувчи бўлганини айтиб афсусланди.

«Болалар жуда кўп эди. Мен сал қолса ўз қизимни топа олмай қолдим. Мен, бошқа бир она ва ўқитувчи уччаламиз уч тарафдан қараб турдик [...] болани сувдан олиб чиққандан кейин бир қанча вақт ўтганидан кейин давм олиш жойининг ҳамшираси келди», — деб айтиб берди у.

Журналистларнинг мактаб маъмуриятидан изоҳ олиш ҳаракатидан натижа чиқмади.

Октябрь туман ИИБи №95 мактабнинг ўқувчиси ўлимидан кейин «Эҳтиётсизлик туфайли ўлимга олиб келиш» ва «Истеъмолчилар учун таҳдид яратиш» моддалари билан жиноий иши қўзғади.