Қирғизистонда 2022-йил бошидан буён болаларга нисбатан 400дан ортиқ зўравонлик факти қайд этилган. Бу ҳақда «Биринчи радио»нинг эфир вақтида Ички ишлар вазирлигининг Жамоат хавфсизлиги хизмати бўлими бошлиғи Нуржан Адилова хабар қилди.
Унинг таъкидлашича, мазкур 400 фактнинг 55 ҳолати — бу жинсий тажовуз.
Рўйхатга олинган 55 жинсий тажовузнинг ичидан: 19и зўрлаш, 5и жинсий тажовуз кўрсатиш ҳаракати, 23и вояга етмаган қизларга нисбатан жинсий зўравонлик кўрсатиш ҳаракати, 8и номақбул ҳаракатлар.
Жорий йилнинг январь ойида таълим ва фан вазири ўринбосари Надира Жусупбекова 2021-йили 417 нафар ёш бола зўравонликка учраганини билдирган. Жусупбекова жабрланувчиларнинг 118 нафари жинсий тажовузга дучор бўлганини аниқлаган.
Ўтган йилнинг январида ИИМ Қирғизистондаги жинсий зўравонликдан жабрланган болаларнинг 80%и қариндошларидан ёки танишларидан жабр кўрганини билдирган. Шу билан бирга, вазирлик ёш болаларга нисбатан жинсий тажовуз қилиш ўз уйида ёки меҳмонга борганда бўлишини таъкидлаган.
Болалар ва ўсмирлар учун Бишкек шаҳрида болаларга ёрдам кўрсатиш маркази бор. Марказга +996773192099 ва +996707079597 рақамлари орқали мурожаат қилса бўлади. Жалолободда ҳам «Ак жол» реабилитация маркази фаолият юритади, алоқа учун +996773741191.