Ўш шаҳрида тадбиркорлар НКМ ишлатишга қарши норозилик намойишига чиқди

Сурат: Бекболсун Кайипов/Kloop

Ўш шаҳридаги 30га яқин тадбиркор 6-июнда назорат –касса машинани ўрнатишга қаршилигини билдириб мэрия қошида норозилик акциясига чиқишди. Улар НКМ қўллаш талаби йўқ бўлиб,  патент билан фаолият юритишни хоҳлашади.

Савдогарлар нимадан норози?

Тинчлик акциясига йиғилганлар НКМ жиҳозини ўрнатиб,  4%лик солиқ тўлаш уларга оғирлик қилишини айтишди.

«Бизга назорат-касса машинаси ҳақида ҳеч ким тушунтириш ишларини олиб бормади. Биз масалан товарларимизни насияга беряпмиз. Уларга ҳам тўлаймиз. Бундан ташқари умумий солиққа 4 фоиздан тўлаш бизга оғирлик қилмоқда. Тўлай олмай қоляпмиз», — деб норози бўлди савдогар аёл.

Намойишга чиққанлар иқтисодий инқироз шароитида НКМ ўрнатишга Қирғизистон айни вақтда тайёр эмас деб ҳисоблашади. Уларнинг фикрига кўра, савдогарлар қийналаётган вақтда давлат уларни патентга ўтказиб қўйиши керак.

«НКМ бу келажакда бўладиган нарса, аммо ҳозир бунга бизнинг мамлакат тайёр эмаслигини кўрсатиб қўйди. Энди бизга патентларни кўтариб қўйса бўларди. Биз умуман чидамай қолдик. Бошқа иш қидириб ўтиб кетиш керак бўлиб қолди. Тўрт фойизни биз қандай қилиб тўлаймиз? Буни имкони йўқ. Россияга борайлик десак, у ердан қайтиб келишяпти. Ҳукумат бюджетни тўлдириш учун савдогарларнинг бўйнига миниши керакми», — дейди яна бир савдогар.

Бундан ташқари савдогарлар НКМ тизими тартибсиз бўлаётганини айтишиб, Солиқ хизмати тушунтириш ишларини яхши олиб бормаяпти деб билдиришди.

«Бизда хозир Электрон ҳисоб-фактура дегани ҳам чиққан. Бу бюрократия экан. Фирмаларга товар етказиб бериш қийин бўлмоқда. QR код чиққан, уни ҳамма товарларга ёпиштириш керак. Электрон ҳисоб-фактурани кўп дўконлар билишмайди. Солиқ хизмати бизга тушунтириб бериши керакда. Улар ўзлари яхши тушунмайди», — дейди савдогар.

Шундан сўнг мэрияда шаҳар ҳукумат вакилларининг, шаҳар солиқ хизмати раҳбарлиги иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбиркорлар қонунга риоя қилишлари учун уни тушунмаётганини таъкидлашди.

Ўш шаҳар солиқ хизмати нима дейди?

Ўш шаҳар солиқ хизмати бошлиғи Жолборс Бакиров нақд пул билан ишлаган жойда албатта назорат-касса машинаси бўлиши кераклигини айтди. Патентни майдони 50 квадрат метргача бўлган дўконларгина фойдалана олишини таъкидлайди.

«Агар савдо шахобчаси 50 квадрат метрдан ортиб кетса, у солиқнинг бошқа хизматига ўтиши керак. Йиллик савдоси фақат 8 млнгача бўлганлар патент билан ишлайди. Бу ерга келган улгуржи савдо билан шуғулланади. Патентда ишлайдими, умумий солиқ хизмати билан ишлайдими қандай бўлишидан қатъий назар НКМ аппаратидан фойдаланиши керак. Бу қонун. Биз қонунни тушунтиришга ҳаракат қилдик», — дейди Бакиров

Шу билан бирга маҳкама бошлиғи савдо нақд пул билан ҳисобланадиган бўлса 4% солиқ олинишини, агар маблағ ўтказиш йўли билан хисоблашадиган бўлса, 2% салиқ олинишини таъкидлади.

«НКМ вазифасидан ҳеч ким озод этилмади. НКМ бу савдо айланмасини ҳисобловчи восита. Бир йиллик савдо айланмаси 30 млндан ортиб, лекин патент билан юрганларни аниқлаб, қўшимча нарх солиғини олишга ёрдам беради», — деди у.

Ўш шаҳар солиқ хизмати раҳбари НКМ аппарати шаҳар дўконларида 20 минг сомдан сотилаётганини қўшимча қилди.

Янги солиқ кодекси ва назорат-касса машина

Президент Садир Жапаров 2021-йили декабрда «Кичик тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, қулай солиқ ва божхона муҳитини яратиш ҳақида» фармонни имзолаган.

Қарор йиллик айланма 8 млн сомгача бўлган тадбиркорлик субъектларни солиқдан бўшатган. Лекин, фармонга кўра, улар онлайн НКМ фойдаланишга мажбур.

Солиқ хизматидан НКМ — бу солиқ процедураларини рақамлаштириш бўйича лойиҳаларнинг бири эканини билдиришган.

Янги Солиқ кодекси 2022-йилнинг 1-январидан бошлаб ишлай бошлаган. Ҳукумат бу бизнесни соядан чиқариб ҳамда яширин иқтисодиётнинг даражасини пасайтириш имкониятини беради деб ҳисоблайди.

Бироқ бу ташаббусга тадбиркорларнинг ҳаммаси ҳам қувониб кетмади — баъзи савдогарлар ҳозирги кунгача норозилик акцияларига чиқиб, мажбурий тарзда назорат –касса машинаси (НКМ) ўрнатишга қарши чиқишмоқда.