Президент Садир Жапаров 2-июнь куни «Коррупцияда» гумонланиб қўлга олинган соғлиқни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиевнинг иши бўйича комиссия тузганини билдирди.
Давлат раҳбарининг айтишича, комиссия ишнинг материаллари билан танишиб, президентга маълумот етказиб туради.
«Мен холис бўлишим керак. Чунки жамоатчиликда "бош прокурор билан вазир иккиси бир-бирига қасдлашиб қолган" деган фикрларни айтишмоқда. Шунинг учун ҳозирча иккисини ҳам бир томонлама қоралашдан узоқ бўлиб турсанглар. Тергов давом этади. Ҳеч ким тўсқинлик қилмайди. Комиссия шунчаки материаллар билан танишиб келиб, менга маълумот беради. Шундан кейин хулоса чиқарамиз», — деб таъкидлади Жапаров.
Шу билан бирга, президент 2022-йилнинг бошидан бошлаб барча вазирликларни, давлат идораларини текширишга рухсат берилганини таъкидлаб ўтди.
«Текширувларнинг натижаси билан вазир Алимқадир Бейшеналиев бўйича яқиндагина Бош прокуратура молиявий қонунбузарликлар бор эканини айтиб мурожаат қилган. Агар чиндан ҳам давлатга келтирилган зарар бўлса, майли, ким бўлишидан қатъий назар сўроқ қилинган деганман. Реабилитацион болалар марказининг очилишидан кейин сўроқ қиламиз деб кутишаётган бўлишса керак», — деган фикрини айтди президент.
Бейшеналиевнинг қўлга олиниши
2-июнь куни президент Садир Жапаров Иссиқкўлдаги қобилиятли болалар учун президент мактабининг қурилиши билан танишиб, вазир Бейшеналиевга қурилиш ишларини 15-сентябрга қадар битиришни топширган эди.
Ўша куни, тунда Бош прокуратура Алимқадир Бейшеналиевни «коррупция гумони» билан ушлаб, етти модда билан жиноят иши қўзғалганини эълон қилган. Вазир МХДҚнинг ТИЗОсига қамоққа олинган.
Кейинчалик мазкур иш бўйича вазирнинг ўринбосари Улук-Бек Бектурганов, Иммунопрофилактика марказининг директори Гүлбара Ишенаписова, Дори воситалари ҳамда тиббий жиҳозлар департаментининг бўлиб бошчиси Султан Сатарбеков қўлга олинган.
Прокуратурадан ҳозирда мазкур жиноятга ҳукумат аъзоларининг ҳамда бошқа хизмат одамларининг алоқаси бор ёки йўқлиги суриштирилаётганини таъкидлашган.