Боткеннинг Булоқбоши ҳудудида қирғиз-тожик чегарасидаги отишмада ярадор бўлган икки чегарачи Бишкекка олиб келинди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати билдирди.
Маълумотга кўра, марказга олиб келинган аскарлар зарурий ёрдам олиш учун касалхонага ётқизилди.
3-июнда Ботткенга МХДҚ бошлиғи Қамчибек Ташиев учиб борган. У президент топшириғи билан ярадор бўлган аскарлардан хабар олгани келганини айтган.
«Бишкекдан ўн нафарга яқин шифокорларни олиб келдик. Ярадор бўлган харбийларни Бишкекка олиб кетиш учун махсус самолёт билан келдик», — деган Ташиев.
У қирғиз-тожик харбийлари ўртасидаги низо яйлов талашишдан чиққанини таъкидлаган.
Боткен туманидаги қирғиз-тожик чегарасида 3-июнда отишма содир бўлган. Натижада Қирғизистоннинг икки нафар аскари тан жароҳати олгани айтилган.
Маълумотга кўра, туман Булоқбоши участкасида тожик харбийлари Қирғизистоннинг чегарасини ноқонуний кесиб ўтган. Улар қирғиз чегарачиларининг ҳудуддан чиқиб кетиш талабига бўйсунмасдан ўқ отишган.
Оқибатда икки тарафлама отишма содир бўлиб, «тожик томон миномётлардан фойдалангани» айтилган.
Маълумотга кўра, соат 14:07да отишмани тўхтатиш бўйича буйруқ берилганига қарамай, тожик тараф Қирғизистон позицияларини соат 14:15гача ўққа тутишни давом этдирган.
Вазиятни барқарорлаштириш мақсадида воқеа жойига Чегара хизматининг Боткен вилояти бўйича бошқарма бошлиғи Қиялбек Тўлўнбаев ва чегара отрядининг командири Рустам Миршакиров борган.
4-июнда МХДҚнинг Чегара хизмати айни вақтда қирғиз-тожик чегарасида вазият барқарор эканини билдиришди.