Қумтўр конининг марказий карьерининг Шарқий қисмидаги ён қояда ёриқлар пайдо бўлди. У ердан ишчилар ва техникалар чиқарилиб, руда қазиш ишлари тўхтатилди.
Конни ишлатаётган «Қумтўр Голд компани» шу боисдан 2022-йили 17 тонна олтин қазий олмай қолиши мумкинлигини яширмади.
Бу ҳақда президент Садир Жапаров ҳам ўз фикрини билдириб, конда «бундан кейин ҳам фалокатлар бўлишини» билдирди. У бунга ўзи ҳам, «Қумтўр Голд Компани»нинг собиқ ташқи бошқарувчиси Тенгиз Бўлтурук ҳам айбдор эмас деб ҳисоблайди.
Қирғизистоннинг «бош ишхонаси»да нима бўлаётганини, у қанчалик ҳавфли эканини айтиб берамиз.
Ёриқ ва комиссия тузиш
Tazabek нашри 26-майда Вазирлар маҳкамаси бошлиғи Акилбек Жапаров 18-майда маҳкамалараро комиссия тузиш топшириғини берганини, комиссия марказий карьернинг ён қоясининг силжишини тезлатиш сабаблари ва оқибатлари қандай бўлиши мумкинлигини ўрганишини билдирган. Комиссия «Қумтўр Голд Компани»га ер қобиғининг ҳаракатини секинлаштириш ва уни тўхтатиш бўйича тавсияларини бериши кераклигини таъкидлаган.
«Азаттык» радиоси маҳкамалараро комиссиядаги маълумот манбасига таянган ҳолда, марказий карьернинг Шарқий томонидаги ён қоясида ёриқлар пайдо бўлганини, у ер оғирлигининг кўчишига олиб келиши мумкин деб ёзган.
«Комиссия аъзолари кўчиш ҳавфи бўлган ернинг ҳажмини ва унинг карьерга етказадиган оқибатини ўрганиб чиқиши керак», — деб ёзган нашр.
27-майда эса «Қумтўр Голд Компани»нинг собиқ ташқи бошқарувчиси ҳамда «Буюк кўчманчилар мероси» Миллий холдинг компаниясининг амалдаги раҳбари Тенгиз Бўлтурук Қумтўр конининг марказий карьерининг ён қобиғи силжий бошлаган жойдан ишчилар билан техникалар чиқарилганини хабар қилган.
Кўп ўтмасдан, «Қумтўр Голд Компани» ўзи ҳам хабар тарқатди. У ердан ишчилар билан техникалар хавфсизлик мақсадида чиқарилиб, ёриқ топилган жойда тоғ кон ишлари вақтинчалик тўхтатилганини таъкидлашган.
«Компания раҳбарияти мутахассислар билан вазиятни ўрганишмоқда. Керакли маълумотлар олиниб, иш хавфсиз бўлганига амин бўлганимизда, бу ерда рудани қазиш ишларини давом эттириш қарори қабул қилинади», — деб айтилган компания хабарида.
Бу қанчалик ҳавфли?
Тенгиз Бўлтурук марказий карьер атрофидаги вазият бўйича маълумот беришда «бу табиий ҳолат» эканини билдирган.
«Худди шундай ҳолат 2002-йили бўлган, 2006-йили ҳам силжиб кетган. Тоғ катта жойдан қазилган, карьер жуда катта: унинг узунлиги уч, эни икки, чуқурлиги бир километр. Бундай вазиятларда силжишлар бўлади», — деган у.
Бўлтурукнинг сўзлари билан компания мухандиси ҳам ҳамфикр. Тоғ кон бўлими менеджери Алмаз Чомокеевнинг сўзларига кўра, «Қумтўр кони геологик ва тектоник жиҳатдан жуда мураккаб ер».
«[Кон] мураккаб геологияк ерда жойлашгани туфайли бу ерда шундай табиий кўринишлар бўлаверади, бу одатий кўриниш. Аввал ҳам шундай бўлган. Унда (2002 ва 2006-йиллари — ред.) ҳам ҳозиргидай вазиятни баҳолаш учун экспертлар жалб этилган. Бу сафар ҳам экспертларни чақиртирдик, изланишлар натижасини кутяпмиз», — деб тушунтирди ҚГК бош муҳандиси Манас Кабаев.
Аммо Тоғ кончилар ҳамда геологлар уюшмаси раиси Дуйшўнбек Камчибеков олтиннинг асосий қисми қазиб олинган №20 ҳудудда пайдо бўлганини таъкидлади.
«20-ҳудудда ёриқлар чуқурликка қараб кетадиган бўлса, у ерда 21 деган кон қазиган ҳудуд бор. У ёриқ бу ерга ҳам таъсир кўрсатса, “Марказий” карьерда иш тўлиқ тўхтаб қолиши мумкин. Шунинг учун тадқиқот ишлари яхши олиб борилиши керак. Энди “бу йил 17 тонна олтин ишлаб чиқарамиз” деган режа бажариладими деган масала мавжуд. Ҳозир Саритўр ундан Жанубий –Ғарбий деган кон ҳам қазилган жой бор. Бу ҳудудлардан ошиб борса уч тоннагача олтин олсак бўлади. Қолган олтиннинг ҳаммаси “Марказий” карьердан қазилиши керак. Шунинг учун биз бу йил 10 тонна олтин ишлаб чиқарсак ҳам яхши кўрсатгич бўлади», — деди у «Азаттык»қа берган интервьюсида.
Бунгача Тенгиз Бўлтурук «Қумтўр Голд Компани» Қумтўр конида олтин қазишни кўпайтириб, 2022-йили 17,5 тонна олтин олишни режалаштираётганини айтган.
Компаниянинг ўзидан Камчибековга «улар ҳам вазиятга Тоғ кончилар ва геологлар бирлашмаси раиси каби баҳо беришаётганини» айтиб жавоб беришди. Аммо компания Камчибековнинг «баъзи тахминларига қарши».
«Қумтўр Голд Компани» структуравий геология бўйича халқаро эксперт Роберт Сигонинг дастлабки таҳлилларига кўра, ёриқ пайдо бўлган ҳудуд №21 ҳудудгача силжиб бормасин ва мазкур ҳудудда ишни тўхтатиш ҳавфи йўқлигини билдирди.
«Ҳа, дарҳақиқат қийин вазият юзага келди. “Қумтўр Голд Компани” олтин қазиб олиш бўйича режа бажарилмай қолиши мумкинлигини тушуниб турибди, аммо инсон ҳаёти олтин қазишдан кўра қиммат туради деб ҳисоблайди», — деб билдиришди компаниядан.
«Бундан кейин ҳам талофотлар бўлади»
Президент Садир Жапаров 30-майда «Кабар» ахборот агентлигига берган интервьюсида Қумтўр конини «бошидан нотўғри ишлатишганини» билдирган.
«Ҳа, экологиямиз жуда бузилган. “Қумтўр”дан бошидан нотўғри фойдаланишган. Ўз ишининг мутахассиси бўлмаганлар бошқарган. Шу боисдан неча маротаба талофотлар бўлган [...] Бундан кейин ҳам бўлаверади. Бунга мен ёки Тенгиз Бўлтурук айбдор эмасмиз. Қайси куни нима бўлишини ёлғиз Аллоҳ билади, шуни унутманглар. Чунки ишнинг боши 1990-йилларнинг ўзида нотўғри бошланган. Агар ҳақиқий мутахассислар бош бўлганда бундай талофотлар бўлмас эди», — деген у.
Қумтўр конини Қирғизистон мустақилликка эришганидан буён Канада компаниялар ишлатиб келади. Дастлаб Канаданинг «Камеко» корпорацияси юритган. У билан қирғиз ҳукумати 1992-йилдан 2004-йилгача ҳамкорлик қилган. Кейин конни Centerra Gold Inc. Ишлата бошлаган. Ҳамкорлик бошланганидан бери қирғиз ҳукумати Канада компаниялари билан шартномани бир неча маротаба кўриб чиқиб, уларни экология меъёрларини бузишда айблашган.
Май ойида Бишкекнинг Октябрь туман суди ҚГКнинг конни ишлатишда чиққан қолдиқларни Давидов ва Лисий музликларига тўкишини ноқонуний деб топган. Суд ҚГКни, ўша вақтда «Центтерра»нинг «шўъба» ишхонаси эди, 261,7 млрд сом жаримага тортилган.
Бунга жавобан Канада компания Қирғизистон ҳукумати аввал ўз бўйнига олган вазифаларни бузиб, «конни зўравонлик билан босиб олди» деб билдириб, Бўлтурукни, ундан кейин қирғиз ҳукуматини судга берган.
Апрел бошида вазирлар маҳкамаси ва Centerra Gold Inc. Қумтўр конини Қирғизистонга ўтказиш бўйича бошланғич шартномага қўл қўйган. Шартномага кўра, томонлар «Қумтўр»ни бошқариш бўйича тортишувларни изга солишган.
Икки томон тенг бир-бирларига нисбатан даъволаридан воз кечиб, бир-бирларига қарши текширувларни тўхтатишгани шартноманинг дастлабки шартларидан бири бўлган
«Ҳозирда “Центерра Голд” мана шу даъволардан [2021-йилнинг май ойида Октябрь туман суди 2 млрд доллар тўлаб бериши айтилган] осон қутилиб кетгандай туюлмоқда. Аммо бу қулай ҳал бўладиган масала эмас эди. Унда жуда улкан экология муаммоси ҳамда ишлаб чиқаришнинг ҳавфсизлик масаласи турибди. Олдини олмаса, чиқинди сувлардан иборат Петров кўлининг ёрилиб кетиш ҳавфи борлиги айтилган. Атроф-муҳитга еткизадиган зиёни жуда катта бўлиши мумкин. Бунинг ҳаммаси учун масъулиятни олиб ташлаб, агар бирон кор ҳол бўлса Қирғизистон даъво қўя олмайдиган бўлмоқда», — деб айтган таҳлилчи Руслан Акматбек.
Дастлабки шартнома тузилганидан кейин Бишкек шаҳар суди шаҳарнинг Октябрь туман судининг қарорини бекор қилган. Бу билан қирғиз ҳукумати умумий миқдори 261,7 млрд сом ёки 3 млрд доллардан ортиқ экологик зарарлар бўйича «Центерра»га қўйган даъволаридан воз кечган.
Минкаб ва Centerra шартнома имзоланганидан кейин 90 кун ичида ёпилади деган умидда.
Экспертларнинг ҳавотирига қарамай Садир Жапаров бир неча марта ҳукумат «Қумтўр» масаласини 99% халқ фойдасига ҳар қилганини таъкидлаган.
«Шартнома кучга киргунча нотўғри сўзлар айтилиб кетиб, ишни бузиб олмайлик», — деган Жапаров.