Ҳуқуқ ҳимоячилари: Ўқувчини калтаклаган ўқитувчининг устидан ота-оналар аввал ҳам шикоят қилишган

289

Жалолободдаги «Справедливость» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Сузоқда ўқувчи қизни калтаклаган ўқитувчи устидан ота-оналар аввал ҳам шикоят қилиб юрганини билдирди. Ташкилот бу ҳақда жабрланган қизнинг онасига таяниб хабар қилди.

«Шайиргул (калтакланган қизнинг онаси) ўқитувчининг устидан беш ой аввал ҳам ота-оналардан бири шикоят қилганини эшитибди, у ҳам педагогни носоғлом ҳатти-ҳаракатларда айблаган. Ўшанда ҳам ўқитувчи қандайдир бир жавобгарликдан қутилиб кетган. Муаллимнинг аччиғи тез эканини аноним тарзда ҳамкасбларидан бири ҳам айтиб берди», — деб билдиришди уюшманинг ҳуқуқ ҳимоячилари.

Қизнинг онаси фарзанди калтаклангани етмаганидай, оиласида ҳам қийналаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, қизнинг отаси, 55 ёшдаги Омурбек, икки марта юрак ҳуружига учрагани учун уч йилдан буён тўшакка михланиб қолган. 48 ёшдаги Шайиргулнинг ўзи эса қанд диабети билан оғрийди, II гуруҳ ногирони. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотига кўра, турмуш ўртоғи беш минг сом, аёли 2800 сом нафақа олади, бу маблағ соғлиғини тиклашга аранг етади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари оила ўз бошидан икки ҳодисани кечирганини, 2010-йили 17 ёшдаги қизидан (ота-оанси Россияда меҳнат қилиб юрганда ўзини осиб олган),  2015-йили эса Россияда йўл транспорт ҳодисасидан 18 ёшдаги ўғлидан айрилганини билдиришди. Оиланинг жами бўлиб саккиз нафар фарзанди бўлган.

«Қизим мактабдан юз-боши қизариб, бир сирғаси йўқ келиб, ётиб қолди. Куёвимга дойим қараб туриш керак, ҳаёлим доим турмуш ўртоғимда, шунинг учун баъзан кўп нарсани сезмай қоламан», — деб айтган ҳуқуқ ҳимоячиларига Шайиргул.

Шайиргул ўқитувчи уларнинг оиласини ҳақорат қилиб, қизидан «оилангда соғ одам борми?» деб сўраганини ҳам айтган.

Жабрланган қизнинг онаси сўзларига кўра, педагогнинг ҳамкасблари болаларни мактабдан чиқариб, қизининг ҳаракатлари учун жарима соламиз деб таҳдид қилган. Аёлни 14 ёшдаги қизини касалхонага ётқизиб, маблағ ундирмоқчи деб ҳам айблашган.

«Менга ҳам қизимнинг ўқитувчиси билан гап талашгани ёқмади, мен ҳам буни тўғри демайман, лекин ўқитувчи нима учун оиламизни ҳақорат қилади? Фарзандларимнинг ҳаммаси аъло баҳога ўқийди, нима учун мактабдан ҳайдашмоқчи? Қачон пул ҳақида оғиз очибман? Менга бировнинг нарсаси керак эмас, ҳаммасини ўзим тўлаб ўрганганман», — дея аёл сўларидан иқтибос келтиради ташкилот.

Сузоқда ўқувчи қизнинг калтакланиши

Май ойи охирида интернетга ўқитувчи 7-синф ўқувчисини калтаклаб, унга бақираётган видео тарқаган. Жалолобод вилоят ИИБдан воқеа маълумотларни қайд этиш китобчасига киритилганини билдирган.

Видео жамоатчиликни ларзага солиб, муаллим ишдан кетиш бўйича ариза ёзгани аниқ бўлган. Лекин кўп ўтмай ўқитувчи ўз ишига қайтиши айтилган— туман таълим бўлими педагогнинг ишлдан кетиши ҳақидаги аризасини қабул қилмаган.

Бу борада таълим вазири Алмазбек Бейшеналиев ҳам ўз фикрини билдирган. У ўқитувчининг ҳаракати нотўғри эканлигини, аммо мазкур воқеада болаларнинг тарбиясида ҳам муаммо борлигини айтган. Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов ҳам ўз фикрини билдириб, ўқитувчи билан ўқувчи ўртасидаги келишмовчиликни болани мактабдан чиқариб юбориш орқали ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлаган.

Жабрланувчининг онаси қизи калтакланган куннинг эртаси бўғинлари қалтираб, бер неча маротаба қусганидан кейин касалхонага олиб борганини айтиб берган. Калтакланган ўқувчи эса педагог уни ўзини ҳимоя қилиш учун урганини айтган. Унинг сўзларига кўра, муаллим уни   «сволочь» деб, оиласини ҳақорат қилган.

Омбудсмен Атир Абдрахматова 30-майда қизда ёпиқ бош –суяк жароҳати, бош мия чайқалиши, бошнинг сочли қисмида юмшоқ тўқималари жароҳат ва билагида ва ўнг тиззасида қонталаш кўк доғлар аниқланганини билдирган.

Абдрахматова ўқувчи қизнинг педагог томонидан калтакланиши Конституцияни, Болалар ҳақидаги кодексни, «Таълим ҳақидаги» қонунни, «Инсон қадр қиммати» ва БМТнинг болалар ҳуқуқлари бўйича Конвенциясини бузади деб таъкидлаган.

1-июнда Бишкекда болаларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга бағишланган тинчлик митинги бўлиб ўтди. Таълим ва фан вазирлиги биноси олдига тўпланган фаоллар Сузоқ туманида ўқувчи қизни калтаклаган ўқитувчини ҳимоя қилган таълим вазирини, милиция ва депутатларни танқид қилиб чиқишган.

Бундан ташқари, парламентнинг 1-июндаги мажлисида депутат Винера Раимбачаева жабрланган қизга ўқувчилар ва ўқитувчилар томонидан руҳий тазйиқ бўлаётганини билдирган.