Қорасув: ТИВ ва ЕХҲТ кар ва соқов болалар таълим олган мактабга ёрдам берди

1-июнь, Қорасув туманидаги Жўш қишлоқ ҳукумати. Сурат: Ташқи ишлар вазирлиги

1-июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Ўш вилояти Қора-Сув туманидаги Жўш қишлоқ ҳукумати ҳудудидаги кар ва соқов болалар мактаб-интернатига Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) томонидан ёрдам кўрсатилди.

Вазирликнинг жанубдаги ваколатли вакилининг маслаҳатчиси Эмил Шодикановнинг айтишича, ЕХҲТ мактаб ошхонасига музлатгич олиб берган.

«Илгари мактаб-интернат ошхонасида музлатгич бўлса-да, 174 нафар ўқувчига мўлжалланган озиқ-овқатни тўлиқ сиғдира олмас эди. Мактаб-интернатга қўшимча музлатгич керак эди, шунинг учун ЕХҲТ 50 боланининг озиқ-овқатини сиғдира оладиган музлатгич сотиб олди», — дейди у.

Ташқи ишлар вазирлиги қошида ташкил этилган консуллик клуби вакиллари ҳам мактабни таъмирлаш учун моддий ёрдам кўрсатди.

«Мактаб-интернатни таъмирлаш учун Фахрий консуллар клуби ва Қирғизистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари 378 минг сом хайрия қилди», — деди Шодиканов.

Қорасув туманидаги кар ва соқов болалар мактаб-интернати 1936 йилда ташкил этилган. Айни пайтда мактабда мамлакатимизнинг барча вилоятларидан келган 174 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.

Статистика қўмитаси томонидан ўтган йили ўтказилган сўров натижаларига кўра, мамлакатимизда 18 ёшгача бўлган имконияти чекланган болалар сони 32 мингдан ошган. 2016 йилга нисбатан имконияти чекланган болалар сони 11,3 фоизга ошган.

Қирғизистонда ногиронлар инфратузилмаси ноқулай ва жамоат транспортидан тўлиқ фойдаланиш имконига эга эмас. Болалар учун инклюзив таълим ҳам мавжуд эмас. Бундан ташқари, ногиронлар иш топа олмай, жамиятда камситишларга дуч келишмоқда.

Қирғизистон 2019-йилда БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилганига қарамай, расмийлар уни амалга оширишга шошилмаяпти.