15 ёшли қизга жинсий аъзосини кўрсатган эркак икки ойга ҳибсга олинди. Бу ҳақда «Клооп»нинг журналистига Бош прокуратуранинг матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотга кўра, Москва туман суди прокурорнинг илтимосини қаноатлантириб, гумонланувчини Бишкекдаги СИЗО-1га қамоққа олди.
24-май куни қизнинг опаси Чуй вилояти Петровка қишлоғидаги дўконда 15 ёшли қизга номаълум эркак жинсий аъзосини кўрсатгани ҳақида хабар берган. Аёл дўконга ўрнатилган видеокамерадаги видео ёзувларни тақдим этган.
Унинг қўшимча қилишича, эркак дўконга бир неча марта келган ва қизга жинсий аъзосини кўрсатган. Қариндошларининг сўзларига кўра, эркак вояга етмаган қизни машинада таъқиб қилган, бироқ у қочишга муваффақ бўлган.
Қизнинг онаси Москва туман ИИБга мурожаат қилган, шундан сўнг тергов бошланган. Аммо суд гумонланувчини уй қамоғига чиқаришга қарор қилган. Кейин қизнинг онаси Москва туман прокуратурасига ишни назоратга олиш илтимоси билан мурожаат қилган.
Шунингдек, қариндошлари суд қароридан норози бўлиб, тергов жараёнида гумонланувчининг қамоққа олинишини сўраган.
Милициянинг муносабати қандай бўлди?
26-майда ўтган парламент йиғилишида мазкур иш бўйича милиция жиноят иши қўзғатишдан бош тортгани ва эркакнинг 15 ёшли қизга жинсий аъзосини кўрсатгани устидан кулгани муҳокама қилинди.
Депутат Дастан Бекешев қиз билан боғлиқ вазиятнинг устидан кулган милиционерларга нисбатан чора кўрилиб-кўрилмагани ҳақида сўраган. .
Ички ишлар вазири ўринбосари Эркебек Аширхўжаев ушбу маълумот юзасидан хизмат текшируви ўтказилишини айтди. Агар маълумот тасдиқланса, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига нисбатан тегишли чоралар кўрилади, деди вазир ўринбосари.