Вазирлар Маҳкамаси қарори билан автомобилнинг олд ён ойналарини қорайтириш (тонировка) учун ҳақ тўлаш ва рухсатномани расмийлаштириш тартиби тасдиқланди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
Бу ҳақдаги қарорни Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаров имзолади.
Тўлов тартибигиа кўра, қорайтиришга рухсат олиш учун тўловнинг ўлчови қуйидагича:
80 минг сом - Қирғизистон фуқароларининг жисмоний шахслари учун;
100 минг сом - юридик шахслар учун;
120 минг сом - чет элликлар учун.
Рухсатнома учун тўлов “Унаа” давлат корхонасига нақд пулда тўланиши ёки давлат муассасасининг ҳисоб рақамига ўтказилиши мумкин.
Қорайтириш учун рухсатнома бир йил давомида амал қилади. Агар унинг эгаси рухсатноманинг амал қилиш муддати тугагунга қадар қорайтиришни рад этишга қарор қилса, у учун пул қайтарилмайди.
Вазирлар Маҳкамасининг билдиришича, таксилардан ташқари фақат енгил автомашиналар қорайтиришга рухсат этилади.
Қирғизистонда тонировка
Автомобилларнинг олд ён ойналарини қорайтириш учун ҳақ тўлаш ва рухсатномани расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги қарор лойиҳаси апрел ойида Иқтисодиёт вазирлиги томонидан муҳокамага киритилган эди.
Тонировкага рухсат берувчи қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2022-йилнинг февралида ишлаб чиқилган. Апрел ойида қонун лойиҳаси Президент томонидан имзоланган эди.
Иқтисодиёт вазирлиги раҳбари Данияр Амангелдиевнинг сўзларига кўра, ҳужжат коррупция хавфини бартараф этиш учун зарур – Қирғизистонда бу тақиқланган бўлса-да, кўпчилик ойналари қорайтирилган машиналарда юришган.
Қонун лойиҳасини қабул қилиш чоғида айрим депутатлар ойналарни қорайтириш йўлларда бахтсиз ҳодисалар кўпайишига олиб келиши мумкинлигига эътибор қаратди.
Расмийлар бу саволга жавоб бера олмадилар. Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат инспекцияси бошлиғи Азамат Исраиловнинг сўзларига кўра, на дунёда, на Қирғизистонда тонировкаларнинг батсиз ҳодисаларга таъсири бўйича жиддий тадқиқотлар ўтказилмаган.