МХДҚ: Ўшдаги қирғиз-ўзбек чегарасида 270 метрлик яширин ер ости йўли топилди

Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги Телман қишлоғида Ўзбекистонга ўтувчи ер остидаги яширин йўл топилди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг матбуот хизмати хабар қилди.

Маълумотга кўра, икки давлатни боғлаб турган ер ости йўли бор экани 20-майдаги махсус тинтув вақтида маълум бўлган.

«Бу тоннелнинг чуқурлиги 15 метр, тоннелнинг кириш қисми 1,8 метр, эни 1,5 метрга яқин. Киришдан чегара чизиғига қадар 40 метр, тоннелнинг кириверишидан чиқишгача бўлган масофа 270 метрни ташкил қилади», — деб ёзилади билдирувда.

Сурат: МХДҚнинг матбуот хизмати

МХДҚ тарқатган видеодан тоннелнинг ичидан қўлда ясалган аравани, суюқлик ўтувчи шлангни ҳамда электр симларини кўриш мумкин.

Махсус хизматдан ер остидаги йўл топилган ҳудуднинг эгаси ҳозирда Жалолобод вилоятининг Қизилжар шаҳарчасидаги психиатрия касалхонасида ётганини, ақл-ҳуши жойида эканини текшириш учун қайтадан экспертиза тайинлаш режалаштирилаётганини таъкидлашди.

МХДҚдан ер остидаги йўл нима мақсадда фойдаланилганини очиқлашмаган. Сарай қишлоқ ҳукуматининг бошчиси Амирбек Жунусов эса тоннель топилган уйда ҳеч ким яшамаганини айтди.

«Уй сотилиб кетиб, уч-тўрт ойдан бери ёпиқ турган экан. Тоннелга қишлоқ бошчиси билан бирга кирдик, одам сиғар экан. Нима мақсадда қилингани бўйича маълумотим йўқ», — деди Жунусов.

5-майда Жалолообод вилоятининг Ақси туманида қирғиз-ўзбек чегараси орқали 1 килограммга яқин афғон гашиши олиб ўтишга ҳаракат қилганларнинг ишига тўсиқ қўйилган. Гумонланувчилар чегара ходимларини кўрганда Ўзбекистоннинг ҳудудига кириб қочиб, яширинишган.

Ўша куннинг ўзида Жалолобод вилоятининг Олабуқа туманидаги Оқтом қишлоқ ҳудидига қарашли Тепақўрғон қишлоғида ўзбек чегарачиларининг ўқидан бир оиладан уч киши вафот этган.

Қирғиз томон чегара участкасидан 50-55 метр оралиқда, Қирғизистоннинг ҳудудида гильзалар ва қон излари топилганини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг чегара отряди қирғизистонликларга ўқ чиқаргани бўйича тушунтириш беришни талаб қилган.

Бундан ташқари, қирғиз фуқаролари ҳалок бўлган ердан 80 метр оралиқда 2000 кг селитра топилган.

Чегара хизматининг маълумотига кўра, Ўзбекистоннинг вакили чегара отряди давлат чегарасидан минерал ўғитларни ноқонуний олиб ўтишга ҳаракат қилган одамлар қўлга олинганини билдирган. У қонун бузганлар чегарачиарга тош ирғитиб, улар қурол қўлланишга мажбур бўлганини қўшимча қилган.

Қирғиз-ўзбек чегарасининг узунлиги 1 378 километрни ташкил қилади — 2017-йилдаги ратификациялаш қонунига кўра унинг 1 170и (85%) аниқланган бўлиб ҳисобланади. Кейинчалик чегаранинг яна 13%га яқини аниқланган.