Баткенда контрабанда йўли билан Тожикистонга селитра олиб ўтишга уринган ҳайдовчи ушланди

326

Баткен вилоятининг Лайлак тумани орқали Тожикистонга контрабанда юк олиб ўтишга ҳаракатланган юк ташувчи машинанинг ҳайдовчиси қўлга олинди. Бу ҳақда 24-майда МХДҚнинг матбуот хизмати билдирди.

Сурат: МХДҚнинг матбуот хизмати

Махсус хизматнинг маълумотига кўра, чегарачилар 30-апрелда Қулунду қишлоқ ҳудудидан автомобил билан қўшни давлатга ўтишни кўзлаган «Мерседес-Бенц Спринтер»нинг ҳайдовчисни қўлга олган.

«Текширув вақтида машинанинг бортидан Қозоғистондан чиқиб, қўшни давлатларга жўнатилувчи юк топилган. Машинанинг ичидаги юкнинг умумий кўлами 4 тоннани ташкил қилган. Ҳар бирининг вазни 50 килограмм бўлган 80 қоп минерал ўғит (селитра) топилган», — деб айтилади маълумотда.

«Эксперт Баалоо» МЧЖнинг хулосасидаги маълумот бўйича, юкнинг ўртача бозор баҳоси бўйича 152 минг сомни ташкил қилади. Бу факт бўйича тергов ишлари бошланди.

Жорий йилнинг 5-майида Жалолобод вилоятининг Ақси туманида қирғиз-ўзбек чегараси орқали 1 килограммга яқин афғон нашасини олиб ўтишга ҳаракат қилганларнинг ишига тўсиқ қўйилган. Гумонланувчилар чегара ходимларини кўрганда Ўзбекистоннинг ҳудудига қочиб кириб, яшириниб қолган.

Ўша куни Жалолобод вилоятининг Олабуқа туманидаги Оқтом қишлоқ ҳукуматига қарашли Тепақўрғон қишлоғида ўзбек чегарачиларининг ўқидан бир оиладан уч киши ҳалок бўлган.

Қирғиз томон чегара участкасидан 50-55 метр оралиқда, Қирғизистоннинг ҳудудида гильзалар ва қон излари топилганини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг чегара отряди қирғизистонликларга ўқ чиқаргани бўйича тушунтириш беришни талаб қилган.

Бундан ташқари, қирғиз фуқаролари ҳалок бўлган ердан 80 метр оралиқда 2000 кг селитра топилган.

Чегара хизматининг маълумотига кўра, Ўзбекистоннинг вакили чегара отряди давлат чегарасидан минерал ўғитларни ноқонуний олиб ўтишга ҳаракат қилган одамлар қўлга олинганини билдирган.

У қонун бузганлар чегарачиарга тош ирғитиб, улар қурол қўлланишга мажбур бўлганини қўшимча қилган.