«Қирғиз почтаси»нинг собиқ етакчиси Дамир Монолдоров Ўзган шаҳрига мэр бўлди

265

Ўш вилоятининг Ўзган шаҳрининг мэри бўлиб Дамир Монолдоров тайинланди. Тегишли буйруққа туман ҳокими Мурат Раматов қўл қўйиб, 16-майда янги мэр жамоатчиликка таништирилди.

Шаҳарнинг аввалги мэри Нодирбек Каримов 30-апрелда хизматдан олинган. Унга қадар Бош прокуратура Каримовга қарши «Лавозимини суиистеъмол қилиш» моддаси бўйича иш қўзғаган. У 2015-йили турли беш кварталдан 22 киишига ер участкаларини ноқонуний бергани айтилган.

Дамир Монолдоров Иссиқкўл вилоятининг Жети-Огүз туманида туғилган. У тарих факультетида ва авиация ўқув юртида таълим олган.

2003-йилдан 2009-йилгача Иссиқкўл тумани ҳокиминниг ўринбосари бўлган, 2009-2010-йиллари Балиқчи шаҳрини бошқарган.

2013-2014-йиллари эса Жети-Огуз тумани ҳокимининг вазифасини бажариб, шундан кейин МСКнинг Иссиқкўл вилояти бўйича координатори бўлиб ишлаган.

Бундан ташқари, у 2016-йилдан 2020-йилгача Иссиқкўл вилоят администрациясида вилоят бошчисининг биринчи ўринбосари бўлган.

Шундан кейин «Қирғиз почтаси»да етакчи бўлган. Монолдоров 2021-йили ноябрда ўтган парламент сайловига №34 Жети-Огуз округидан номзод бўлган. Аммо Жогорку Кенешга ўтиш учун етарли овоз ололмаган.

Монолдоров Иссиқкўл вилояти бошчисининг ўринбосари бўлиб турганда хизмат машинасини сохта рақам тақиб юргани айтилиб, милиция судгача тергов бошлаган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Монолдоровга тегишли «Toyota» автомобилининг 09 KG 002 AC давлат рақами Carcheck сервисида Mercedes-Benz S350 русумидаги автомобилга тегишли эканини аниқлашган. Мазкур рақамдаги машина «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси бўйича бир неча минг сом жаримага тортилгани маълум бўлган.