Султанбаев: Ширшов бўйича президентнинг ҳам, Бекназаровнинг ҳам айтганлари тўғри чиқди

253

Президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев 13-майда «Дастан» ишхонасининг собиқ етакчиси Алексей Ширшовга тегишли маълумотларга «аниқлик» киргизиб, унга кўра 2010-2014-йиллари жами бўлиб тўрт жиноят иши қўзғалганини билдирди.

Аввалроқ президент Садир Жапаров Ширшовга муваққат ҳукумат бирорта ҳам жиноят ишини қўзғамаганини билдириб, шу сабабдан уни қабул қилишга қарор қилганини айтган. Шундан кейин Муваққат ҳукуматнинг ўша вақтдаги аъзоси, Қирғизистоннинг Малайзиядаги элчиси Азимбек Бекназаров «давлат раҳбарини кимлардир чалғитмоқда» деган.

Султанбаевнинг айтишича, натижада «президентнинг ҳам, Азимбек Бекназаровнинг ҳам айтганлари тўғри бўлиб чиққан».

«Кўрсак, Ширшовга қўзғалган ишлар бўлган экан. Аммо 2015-2019-йиллари жарима тўлаб, оқланиб чиқибди [...] 2021-йили ҳеч қандай қидирувда бўлмаган ва бошқа жиноят ишлари қўзғалмабди. Шунинг учун президент қабул қилган», — деб ёзди Султанбаев Фейсбук саҳифасига.

Шу билан бирга, матбуот котиби постига «Дастан трансмиллий корпорациясининг» собиқ етакчиси Алексей Ширшов бўйича маълумотни илова қилди.

Унда 2018-йилнинг 9-октябрида Бишкекнинг Октябрь туман суди Алексей Ширшовни «Тадбиркорлик ишига ноқонуний иштирок этиш» моддаси бўйича айбдор деб топиб, жиноят ишининг муддати ўтиб кетгани сабаб жазодан бўшатгани ёзилган. Шунингдек, 2019-йилнинг 17-майида Бишкек шаҳар суди туман судининг ҳукмини ўзгартиришсиз қолдиргани таъкидланган.

«Судларнинг ҳукумалари кучига кирганига ва ижро қилингани сабабли Алексей Ширшовга қўйилган эҳтиёт чораси ва чекловлар бекор қилинган», — деб ёзилади унда.

Азимбек Бекназаров нима деган?

Азимбек Бекназаров ва Садир Жапаров.

Аввал Қирғизистоннинг Малайзиядаги элчиси Азимбек Бекназаров президент Садир Жапаровнинг «Дастан трансмиллий корпорацияси»нинг собиқ етакчиси Алексей Ширшовга 2010-йили жиноят иши қўзғалмаган ва қидирув эълон қилинмаган деган сўзини инкор қилган.

Муваққат ҳукуматнинг даврида прокуратура органлари билан финполицияни бошқарган Бекназаров Жапаровга Ширшовга ҳеч қандай жинноят иши қўзғалмаган деб айтиб, «президентни атрофидагилар қаттиқ адаштирмоқда» деб билдирган.

«Уни нотўғри нарсаларни, ҳақиқат бўлмаган нарсаларни айтишга туртган. Бу умуман ҳақиқатга тўғри келмайди. Менинг аниқ эсимда йўқ, аммо Ширшовга қарши камида тўрт-беш жиноят иши қўзғалган ва ўша ишлар бўйича халқаро қидирувда  — Интерполда идирувда юрган.

"Муваққат ҳукумат, Бош прокуратура иш қўзғамаган деб айтди" деган гапга ишонмайман. Унга қарши бир ишни Бош прокуратура, яна бир ишни Хавфсизлик хизмати ҳамда Финполиция ҳам қўзғаган бўлиши керак эди», — деган у.

У Ширшовга алоқадор жиноят ишлар Бош прокуратурада ва Интерполнинг халқаро бюросида бўлиши керак деб ҳисоблайди. Чунки унга шу йўналиш бўйича халқаро қидирув эълон қилинган.

Ширшовнинг қўлга олиниши ва қайта бўшатилиши  

Алексей Ширшов Қирғизистоннинг энергетика тармоғининг «яширин кардинали» деб ҳисобланар эди. У собиқ президентларнинг ўғиллари Айдар Акаев, кейинчалик Максим Бакиевга давлатнинг энергетикаси бўйича маслаҳатларни бериб юргани маълум.

2010-йилдаги апрель революциясидан кейин у давлатдан қочиб чиқиб, Интерпол тарафидан қидирувга олинган эдию 2010-йилнинг июнида Муваққат ҳукумат Ширшовнинг қайси ерда экани ҳақидаги маълумот учун 100 минг доллар тўлашга ҳам тайёр бўлган.

Ширшовни электр энергиясини «ўлик жонларга» ёздириш ва тендерларни «ўз одамларига» юттириш каби энергетика тармоғидаги коррупция схемаларининг муаллифи деб аташади. «Ширшовнинг коррупция схемалари» бугунги кунгача ҳам ишлаётгани айтиб келинади.

10-майда МХДҚ «Дастан трансмиллий корпорацияси» ОАЖсининг собиқ етакчиси Алексей Ширшов қўлга олинганини билдирган. Махсус хизмат Ширшов коррупцияда айбланаётганини айтган.

МХДҚнинг версияси бўйича, Ширшов Иссиқкўл вилоятидаги «Аврора Плюс» дам олиш марказининг ҳудудидаги 56 қимматбаҳо хонадонни ва 27 коттежни давлатнинг ҳисобидан чиқаришнинг асосий ташкилотчиларидан бири бўлган.

Шунга қарамай, 11-майда Ширшов махсус хизматнинг илтимоси билан Биринчи май туман суди тарафидан уй қамоғига чиққан.

Шу сабабдан жамоатчиликдан норозилик пайдо бўлган. Кўп ўтмай президент Садир Жапаров коррупцияда айбланиб, қўлга олинган Алексей Ширшовнинг уй қамоғига чиқарилганига нисбатан айтилган танқидларга Фейсбук саҳифасида жавоб берди.

Жапаровнинг айтишича, 6-7 ой аввал Ширшов президентга мурожаат қилиб, Максим Бакиевнинг 200 миллион доллари қамоқда ётган банкни топганини билдириб, давлат раҳбаридан қабул қилишни илтимос қилган.

«У қидирувда-ку, қандай қабул қиламан дедим. “Қирғизистонда эканми” десам, чет давлатдан телефон орқали чиқаётганини айтишди. Мен дарҳол бошпрокурорга, МХДҚ, ИИВ етакчиларига 2010-йили қайси ва қандай ишлар бўйича жиноят иши қўзғалганини билинглар деб топшириқ бердим», — деган Жапаров.

“Охир-оқибат менга Ширшовга нисбатан бирорта ҳам жиноий иш қўзғатилмагани, қидирувда эмаслигини айтишди. Кейин мен уни қабул қилишга рози бўлдим. Муваққат ҳукумат 2010-йилда Ширшовга нисбатан жиноий иш қўзғатмагани учун мен уни қабул қила оламан”, деб ёзган у.

Аввалроқ президентнинг сўзига Бирлашган демократия ҳаракати ҳам муносабат билдирган. Уларнинг фикрича, «президент Алексей Ширшовнинг Қирғизистонга қайтиб келгани бўйича ошкора ёлғон айтиб, Ширшовнинг қўлга олинишига ва унинг уй қамоғига чиқарилиши бўйича МХДҚ уюштирган афёрани ҳимоя қилмоқда».

«[...] Жапаров Ширшов жиноий жавобгарликка тортилмаганини, қидирувда юрмаганини айтиб, жамоатчиликни атайлаб адаштирган. Ширшов, айниқса Максим Бакиевнинг яқин одами қатори [...] ҳусусийлаштириш вақтидаги коррупция схемаларини уюштириш фактлари бўйича кўплаган жиноят ишларида ва суд ҳукмларида учрайди [...]», — деб билдиришган улар.

Мухолифатнинг вакиллари Алексей Ширшов амалга оширган жиноятларининг жазосини олиши керак, унинг ҳукумат билан келишиб олиши оқланишига асос бўлмаслиги керак деб ҳисоблашади.