Жамоат телерадиокорпорациясига «миллий» мақоми қайтарилди

275

Жамоат телерадиокорпорацияси (КТРК) Миллий корпорацияга айлантирилди. Бу ҳақда «Токтом» портали хабар берди.

Қонун лойиҳаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳаси ҳуқуқшунослар ва оммавий ахборот воситалари томонидан танқид қилинганига қарамай, 6-апрель куни у парламент томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди. 30-апрел куни эса президент «Қирғизистон Республикаси Миллий телерадиокомпанияси тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Нима ўзгарди?

Энди КТРКнинг мақоми “жамоат”дан “миллий”га ўзгарди. Кузатув кенгаши тугатилди, телеканал раҳбари президент томонидан тайинланади.

КТРК бош директори Қайрат Иманалиев парламентнинг 2-март куни бўлиб ўтган йиғилишида телеканал ходимларининг иш ҳақига минг сом қўшилиши ҳақида маълум қилган. Иманалиев бунинг учун республика буджетидан қўшимча 9 миллион сом ажратилиши кераклигини айтган.

Маданият вазири Азамат Жаманқулов эса «минг сом — телеканалнинг мақоми ўзгаргани учунгина қўшимча берилувчи маблағ»  деб тушунтирган.  Вазир «келажакда телеканал ходимларининг маоши яхши даражага етказилади”, деб ваъда берган.

 КТРК ислоҳоти ва унга нисбатан танқидлар

КТРК Қирғизистондаги энг йирик телерадиокомпания бўлиб, унга ҳар йили бюджетдан 350-400 миллион сом ажратилади.

Расмийлар КТРКни ислоҳ қилиш ҳақида 2021-йилдан айтила бошлаган.

23-октябрь куни президент Садир Жапаров КТРК Кузатув кенгаши ўзига юкланган вазифаларни бажармаётганини билдирган.

«Биз ўз шахсий манфаатимизни кўзламай, давлат манфаатларини кўзлаб ишлашимиз керак. [Ушбу каналда] миллий мафкурани кўрсатиш керак - шахсий манфаат учун эмас, ижтимоий дастурларни чиқариш керак», - деган у ўша пайтда.

Оммавий коммуникациялар департаментининг етакчиси Салкин Сарногоева ноябр ойида КТРКнинг мақоми тўғрисидаги қонун лойиҳаси «президентнинг 2021-йилнинг 5-майидаги топшириғига кўра» ишлаб чиқилганини тушунтирган.

Сарногоеванинг айтишича, корпорациянинг бош директорини сайлашда кузатув кенгашида «жуда катта коррупция ҳолати» бўлган.

29-октябрда «Медиа Полиси Институти» 15 медиа, журналистлар ва муҳаррирлар қўл қўйган медиажамоатчиликнинг мурожаатини эълон қилган. Унда улар маданият вазирлигидан «Қирғиз телерадио корпорацияси ҳақида»ги қонун лойиҳасини ортга чақириб олишни илтимос қилишган.

Медиажамоатчилик таклиф қилинган қонун лойиҳасида демократия принциплари бутунлай йўқ бўлиб, жамоатчилик телеканалнинг фаолиятини назорат қила олмай қолади деган фикрда. Журналистлар эса телерадиокорпорация давлатга қарашли бўлиб ўзгартирилгандан кейин қайтадан ҳукуматга майдон тузиб бериб қолади деб ҳисоблашади.