Ўш вилоят ИИБи миллатлараро низо қўзитувчи маълумотларни тарқатмасликка чақирди

280

Ўш вилоят ИИБи 3-майда Ўзган шаҳрининг мэри Нодирбек Каримовнинг ишдан бўшатилиши бўйича баёнот тарқатди. Унда вилоят милицияси миллатлараро низо қўзитувчи маълумотларни тарқатмасликка чақирди.

Аввалроқ, 1-майда Каримовнинг 100 нафарга яқин тарафдорлари Ўзган шаҳрида тинчлик акциясига чиқишган. Улар мэрнинг хизматдан бўшатилганидан норози бўлиб, президент Садир Жапаровга ва МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиевга мурожаат йўллашган.

Милиция тинчлик акциясига қатнашган турғуннинг видео мурожаати эълон қилди. Унда турғун «митинг вақтида миллатларо низо қўзитувчи сўзлар айтилгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга мос келмайди» деб билдирди.

Шунингдек милиция собиқ мэр ҳам «тарафдорларини митингга чиқмасликка чақирганини» таъкидлади.

Ўзган шаҳрининг собиқ мэри Нодирбек Каримов 30-апрелда эгаллаган хизматидан бўшатилган. Тегишли буйруққа туман ҳокими қўл қўйган.

Бунга қадар Бош прокуратура Каримовга қарши «Лавозимини суиистеъмол қилиш» моддаси бўйича жиноят ишини қўзғаган. Маълумотда Каримов 2015-йили турли беш кварталдан 22 кишига ер участкаларини ноқонуний бергани айтилган.

Прокуратуранинг маълумотига кўра, ер участкаларининг умумий майдони 9 минг квадрат метрни тузган. Қонун бузилгани ер соҳасидаги қонунларнинг ижросини текшириш вақтида маълум бўлган.

Жиноят иши судда кўриб чиқилаётган бўлган, бундан ташқари, туман прокуратураси ноқонуний берилган ерларни қайтариш учун судга мурожаат қилган.

Нодирбек Каримов 2013-2015-йиллари Ўзган шаҳрининг мэри бўлиб турган. У 2015-йилдаги парламент сайловида ҚСДП партиясидан Жогорку Кенешга депутат бўлган. 2021-йилнинг июнида эса қайтадан Ўзган шаҳрига мэр бўлиб сайланган.

Муаллиф: Айжамал Туголбай қизи