Россия президенти администрация бошчисининг ўринбосари Дмитрий Козак ўтган ҳафтада Қирғизистонга келиб кетган. Бу ҳақда «Азаттык» ўз манбаларига таяниб билдирди.
Қирғиз президентининг матбуот хизмати «Клооп»га бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортди. Россия президентининг сайтида ҳам Козакнинг сафари ҳақида маълумот йўқ.
19-апрелда Temirov LIVE’нинг журналистлари навбатдаги суриштирувини эълон қилиб, 6-апрель куни «Манас» аэропортига Россия Федерал хавфсизлик хизматининг самолёти қўнганини айтишган. Самолёт Қирғизистон ҳудудида икки кун турган.
Суриштирувда шу самолёт Бишкекка 2020-йилнинг 12 ва 20-октябрида ҳам, Садир Жапаров олдин ҳукумат раҳбари, кейин президент вазифасини бажарувчи бўлиб тайинланганда ҳам келиб кетгани айтилади.
Октябрь воқеалари
2020-йилнинг 5-октябрида Бишкекда парламент сайловининг натижасини бекор қилиш талаби билан митинг бошланиб, бу митингчилар билан куч тизим ходимларининг ўртасидаги тўқнашувга олиб келган.
6-октябрга ўтар кечаси Оқ уй босиб олиниб, бир қанча сиёсатчилар, уларнинг орасида Алмазбек Атамбаев билан Садир Жапаров колониядан чиқарилган.
Садир Жапаровнинг тарафдорлари қамоқдан бўшатилган сиёсатчини премьерлик хизматига тайинлашни талаб қилишган, депутатлар сиёсатчининг сафдошларини қўрқитишларидан шикоят қилишган. Шу билан Садир Жапаров ҳукумат бошчилигига тайинланган.
Кейин Жапаровнинг тарафдорлари президент Сооронбай Жээнбековни истеъфосини талаб қилишга ўтиб, давлат раҳбари янги келган премьер-министр билан учрашгандан сўнг ситеъфога чиқишини айтган. Кўп ўтмай Жапаровнинг тарафдорлари сиёсатчидан президентлик вазифасини бажаришни ҳам талаб қилишган.
Парламент спикери таҳдидлар сабаб президент вазифасини бажаришдан бош тортгандан кейин бу хизмат Садир Жапаровга ўтган. 2021-йилнинг январида ўтган сайловда Жапаров расмий президент бўлиб сайланган.