Президентнинг топшириғи, «Youtube юлдузи», Нурбаевлар клани. Нима бўлмоқда?

249
Жаникулов, Нурбаев, Тумонбаев ва Бакиров.

Жогорку Кенешнинг 27-апрелдаги йиғинида депутатлар Акилбек Тумонбаев ва Омурбек Бакиров президентнинг Ўшдаги вакилининг ўринбосари Данияр Жаникуловга чора кўришни талаб қилишти. Улар Жаникуловни депутат Жалолидин Нурбаевни «қоралади» деб айблашган.

Вилоят раҳбарининг ўринбосари Жаникулов бунгача Аравон туманининг Алля Анаров қишлоқ ҳукуматига рейд билан борган. Рейд вақтида олинган видеолар YouTube’га жойланган. Уларнинг бирида Жаникулов бу қишлоқ ҳукуматини олдин бошқарган «депутат Нурбаевнинг оилавиц клани ҳудудни бошқармоқда» деган эди.

Жаникулов ўзи «Клоопга» депутатлар ишнинг сабабларини билмай туриб, касбдошини ҳимоя қилганини тушунмаётганини айтди. Рейд вақтида барча фактлар йиғилганини, яиқн орада президент бошчилигида тегишли органларга юборилишини билдирди.

«Депутатимизнинг ор-номусига доғ туширмоқда»

Депутат Акилбек Тумонбаев парламент раиси Талант Мамитовга мурожаат қилиб, Жаникуловнинг ҳаракатини текшириш учун прокуратурага йўлланма беришни талаб қилди. Тумонбаев вилоят раҳбарининг ўринбосарини «нотўғри ҳаракатлар қиляпти» деб айблади.

«Ўзингиз ижтимоий тармоқдан кўряпсизлар, ўзи блогер бўлиб олганми ёки YouTube юлдузи бўлганми билмаймиз, “Нурбаевнинг кланини очдик” деб чиқариб, нотўғри маълумотлар тарқатмоқда. Бир буйруқ билан губернаторнинг ўринбосари бўлиб ишлаётган йигит халқ сайлаган депутатнинг ҳуқуқини бузяпти», — деди у.

Шунингдек, у «Жаникулов билан вилоят раҳбари Зиядин Жамалдинов ўзлари инвестор тортмай, Нурбаевни кўролмаяпти» деди.

Депутат Омурбек Бакиров «Нурбаев бошчи бўлганда қишлоқ ҳукумати ривожланган» деб, Жаникулов депутатга «жуда катта айб қўйди» деб ғазабланди.

«Мана шу айбларни халққа билдириб, жар солмоқда. YouTube’га чиқиб ўша ерда 200-300 минг халқ кўряпти [...] Бир вилоят раҳбарининг ўринбосари шундай айб қўйгандан кейин биз реакция қилишимиз керак», — деди Бакиров.

Жогорку Кенеш раиси Талант Мамитов президент ва минкабнинг парламентдаги доимий вакили Алмасбек Абитовга мурожаат қилию, ишни текширишни топширди.

«Чақиринглар аниқлик киритинглар. Давлат хизматида ишлагандан кейин шунга яраша иш қилсин. Уни YouTube’га чиқиб олиб блогер бўлгани нимаси? Бандан ташқари, тегишли профил қўмитага протокол топшириқ берамиз, қўмита ҳам кўриб чиқиб, бу бўйича расмий қарор қабул қилсин», — деди у.

Жаникуловнинг рейди, «Нурбаевнинг инвесторлари» ва хизматдаги қариндошлари

Президентни Ўшдаги вакилининг ўринбосари Данияр Жаникулов 21-апрелда махсус тузилган туман комиссияси билан биргаликда Алля Анаров қишлоқ ҳукуматига рейд билан борган. Унинг айтишича, бунга маҳаллийларнинг ноқонуний берилган ерлар бўйича текшириб беришни илтимос қилгани сабаб бўлган.

Рейд вақтида олинган видеолар 300 мингдан ортиқ обуначиси бўлган Tez Kabar YouTube каналига жойланиб, юз мингдан ортиқ одам кўрган. 25-апрель куни каналга «Рейднинг натижаси, Нурбаевлар эгаллаган қишлоқ ҳукумати» деган номда видео жойланган.

Унда Жаникулов ўзи рейд вақтида аниқланган фактлар бўйича тушунтирган. Амалдорнинг айтишича, Жалолидин Нурбаев орқали келган инвесторларга Аравон туманидаги бир неча қишлоқ ҳукуматининг умумий 1000 гектар ер ижарага берилган.

Уларнинг орасида экин майдонлари, «Ассафа» фонди тикувчилик цехи қурган ер ва «Нур билим» хусусий мактабига берилган туман маданият уйи биносининг бир қисми бор.

Вилоят раҳбарининг ўринбосари «ижарага берилган жойларнинг бирортасига ҳам қонуний ҳужжатлар қилинган эмас» дейди. Шунингдек, қишлоқ ҳукуматида ижарага берилган тикувчилик цехида ва мактабда ишлаётган депутатнинг қариндошларини рўйзатини берган.

Улар:

  • Халида Нурбаева, синглиси — «Ассафа» ҳайрия жамғармаси қуриб берган тикувчилик цехида директор ўринбосари;
  • Бексултан Артиков, жияни — шу тикувчилик цехида ходим;
  • Нурбаева Шахида — «Нур билим» хусусий мактабининг собиқ директори;
  • Артиков Арслан, жияни — «Нур билим» хусусий мактабининг ошхонасида бош ошпаз;
  • Мирлан Нурбаев — қишлоқ кенгашининг депутати ва шу мактабда ходим;
  • Кудайбердиев Розали, ота томондан қариндоши — Алля Анаров маҳаллий кенгашига раис;
  • Абдураимов Ахрор, тоғаси — маҳаллий кенга раисининг ўринбосари;
  • Хашим Мадрахимов — Алля Анаров қишлоқ ҳукуматида экин сувларини бўлиштириш бўйича хизматда ишлайди.

Жаникулов қариндошларининг бири қишлоқ ҳукуматида раҳбар, ьири раис бўлиб «ўз манфаатларини ҳимоя қилиб келишган» деб билдирган. У қишлоқ ҳукуматида аниқланган қонунбузарликлар сабаб тўққиз йилдан бери қишлоқ ҳукумати раҳбарининг ўринбосари бўлиб ишлаган Акрам Ўктамов ишдан кетганини қўшимча қилган.

Эртаси куни қишлоқ ҳукуматининг бир неча турғунлари Жаникуловга норозилик билдиришган. Улар рейд вақтида олинган видеода «ёлғон маълумот айтилганини», Нурбаев «яхши ишлаганини» айтишган. Шунингдек, Ўктамовни ўрнига қайтаришни талаб қилишган.

Ўктамов ўзи «юқоридан талаб бўлгани учун зишдан кетганини айтган. У «қонун бўйича ишлаганмиз» деб, Жаникуловни ёлғон маълумот тарқатишда айблаган.

«Президент топшириғи»

Данияр Жаникулов «Клооп»га берган интервьюсида рейдлар президент топшириғи билан ўтаётганини билдирди. Провокация бўлмаслиги учун жонли эфирга чиқиб, видеога олинади дейди.

Қонунбузарликлар бўлгани ҳақида «барча фактлар бор» деб ишонтирди. У «ким бўлмасин ноқонуний ҳаракатлари учун жавоб бериши керак» деб таъкидлади.

«Бу ерда қонун бузилган. Барча далилларни олиб чиқдик. “Жогорку Кенеш депутатини олдин қилган ноқоннуий ҳаракталари шу бўйича қолиб кетиши керак, унга ҳеч теголмайди” деган масала йўқ. Биз бари қонун доирасида бўлсин деган талабни қўйдик», — деди у.

Жаникулов президент Садир Жапаровга ва тегишли органларга йиғилган фактлар бўйича мурожаат қилинишини қўшимча қилди.

Депутат Жалолидин Нурбаев ўзи бу бўйича изоҳ бермади.

Нурбаев парламентнинг еттинчи чақирилишига №6 Аравон округидан сайланган. Бунгача у Алля Анаров қишлоқ ҳукуматини бошқарган.