Президент Садир Жапаров «Кабар» миллий ахборот агентлигига интервью берди. Бу сафар ҳам президент маъмурият биносининг қурилишига тўхталди.
Бинони Бишкекдаги бузилган «Иссиқкўл» меҳмонхонасининг ўрнига қуриш режалаштирилмоқда. Лойиҳани амалга оширишни қозоғистонлик инвесторлар қўлга олишган, эвазига уларга Бишкекнинг жанубий ҳудудидан 16 гектар ер берилади. Шаҳарнинг бу қисмидаги ерлар энг қиммат бўлиб ҳисобланади.
Президент нима деди?
Жапаров ҳозирги президент маъмуриятининг биноси 1950-йили Исхак Раззаковнинг даврида қурилганини таъкидлади.
«Шундан бери қирғизга хизмат қилади. 72 йил бўлибди. Мен ҳам шу кишининг [Раззаковнинг] йўлидан бориб, бир бино қуриб кетайин дедим. 100 йил хизмат қилсин», — деди президент.
Шунингдек, Жапаров «айрим фикри бузуқ одамлар айтгандай, мазза қилиб яшашга кўнган эмаслигини ва буни истамаслигини» таъкидлади.
«Оддий жойда ўтириб ҳам ишлайвераман. Аслида ҳар бир қабул қилган қарорларимни, қилган ишларимни келажакка мерос бўлиб қолса деяпман. Ҳаммамиз бу дунёдан ўтамиз [...] Қилаётган ишларимиз, қурган биноларимизни келажак авлод доим эслаб, номимизни тилга олади. Бино қураётган бўлсам, мен уни гўримга кўтариб кетмайман. Халқ учун, келажак учун қолади», — дейди у.
Барча вазирликларга бир бино
Жапаров янги президент девонидан ташқари барча вазирликларга ҳам бир бино қурса бўлади деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, бу Бишкекдаги тирбандликдан халос бўлишга ёрдам беради.
«Барча вазирликлар бир бинода ўтиришади. Бу бинони [қурилишини] биз 2023-йили бошлаймиз. Мана шу президент биноси қурилаётган ернинг кун чиқиш томонига қурилади. Куч органларидан бошқа вазирликларни, ҳукумат ташкилотларининг барини пойтахтдан юқори томонга кўчириб кетамаз», — деб билдирди у.
Жапаровнинг айтишича, янги бинонинг қурилишига ҳам бюджетдан пул сарфланмайди. У вазирликларнинг ҳозирги биноларини алмаштирамиз деб билдирди.
«Ўзимизнинг маҳаллий қурувчилар қуришади», — деб қўшимча қилди у.
Шунингдек, Жапаров ўлкада чет давлатларининг президентларини кутиб олишга муносиб шароитлар йўқ деди.
«Ўтган йили Иссиқкўлда ЕОИИ давлатларининг ҳукумат раҳбарларининг саммити ўтди. Яхшики шошилиб уч ойда резиденциянинг ичига конгресс-холл қурдик. Шу обрўйимизни ёпди. Аслида ҳолда бунгача катта йиғинлар ўтказувчи дабдабали залимиз йўқ эканда», — деди у.
Жапаров бу йил 26-майда Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари Қирғизистонга давлат ташрифи билан келишини қўшимча қилди.
16 гектар ер ҳақида
Президент шунингдек, президент администрациясининг янги биносини қурилишини молиялайдиган инвесторга бериладиган 16 гектар ер бўйича айтилган танқидларга жавоб берди. Бунгача фаоллар бу ернинг баҳоси бино қурилишига ктеган ҳаражатдан анча қимаат эканини таъкидлашган. «МедиаХаб»нинг журналистларини маълумотига кўра, 16 гектар ер тахминан 48-80 млн доллар туради.
«Фаоллар тўғри айтади. Бу масалада улар билан ҳеч кимимиз тортишмадик. Бу ернинг [администрация биноси] бозор нархи 30 миллион доллардан юқори туради. Бино ўзи 25 минг кв метр атрофидаги ҳудудга қурилмоқда. Бу ҳам 30 миллион атрофида бўлади. Қандай материаллар ишлатилганига яраша баҳоси чиқади. Бу иш бошқарма тўлиқ назоратга олади. Қурилиш битгандан кейин аниқ суммаси чиқарилиб, фарқини ҳисоблаймиз. Ҳеч ким ҳеч кимга бекорга ер бермайди ёки улар бизга бекорга бино қуриб бермайди. [...] Биз қарз бўлсак биз берамиз. Улар қарз бўлса, ҳукуматнинг биноси қурила бошлаганда у ерга ҳисса қўшишади», — деди Жапаров.
Жапаров ҳукумат аввалгидай мактаб ва бола боғча қуришни давом эттиради деб қўшимча қилди.