Қирғиз-қозоқ чегарасида қайтадан оғир юк машиналарининг тиқини пайдо бўлди

250

Қирғизистоннинг чегара хизмати 20-апрелда қирғиз-қозоқ чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктида (НЎП) қайтадан оғир юк машиналарнинг тиқини пайдо бўлганини маълум қилди.

Уларнинг маълумотига кўра, «Ак-Тилек — Автойўл» НЎПида 180 фура ўтиш учун навбат кутиб турибди. «Чон-Капка — Автойўл» НЎПида эса 60, «Чалдибар — Автойўл» пунктида 35, «Кен-Булун — Автойўл»да бўлса 30 оғир юк машинаси тиқида турибди.

Бошқа пунктларда чегара хизмати билдиришича, тирбандликда турган машиналар йўқ.

«Ак-Тилек — Автойўл» ва «Чалдибар — Автойўл» назорат ўтказиш бекатларида оғир юк ташувчи машиналар йиғилиб қолгани 18-апрелда маълум бўлган. Қирғизистоннинг чегара хизмати чегарада фуралар қозоқ томон транспорт воситаларини секин ўтказаётгани учун йиғилиб қолганини билдирган.

Бу орада чегарада оғир юк машиналари тирбандликда турган вақтда Қирғизистон билан Қозоғистон вакиллари фураларни чегара орқали эркин ўтказиш бўйича чора кўришга келишди. Бу ҳақда 20-апрелда вазирлар маҳкамасининг матбуот хизмати маълум қилди.