Тожикистон президенти Эмомали Рахмон қирғиз-тожик чегарасидаги муаммоларни музокаралар орқали эртароқ ҳал қилинишидан манфаатдор эканини билдирди. «Озоди» радиосининг маълумотига кўра, бу ҳақда Рахмон 17-апрелда чегарага яқин Исфара шаҳрининг турғунлари билан учрашувда айтди.
Рахмон икки давлат ўртасидаги чегарани демаркация ва делимитация ишларини «энг муҳим масалаларнинг бири» деб атаб, тожик томон Қирғизистон билан 2002-йилдан бери музокара олиб бораётганини айтди.
Бу вақт оралиғида 987 чақирим чегарадан 663,7 чақирими, аниқроғи 68,4 фоизи келишилганини таъкидлади.
Эмомали Рахмон чегара масалалари бўйича икки томоннинг ҳам манфаатини ҳисобга олган қарорни топиш кўп вақтни ва мутахассисларнинг ҳаракатини талаб қилган мураккаб жараён эканини таъкидлади.
«Исфаранинг турғунларига яна бир марта эслатаман: қўшнилар билан ўзаро тушуниш, яхши қўшничилик кайфиятида яшаш керак, дўстлик, ҳамкорликда, сабрли бўлиб, эмоцияларга берилмаслик керак», — деди тожик президенти.
Аввалроқ президент Садир Жапаров ҳам Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги чегаранинг 972 чақиримидан 664 чақирими аниқланганини билдирган.
Жапаров аниқлаш ишлари суст бораётганини таъкидлаб, буни «бир қанча ҳудудларда баҳсли ерлар қолгани билан» тушунтирган.
«Энг асосийси тинчлик бўлса барини икки томонлама манфаатларни ҳисобга олиш билан ҳал қиламиз», — деган у.
Чегарадаги можаро
Қирғизистон МХДҚга қарашли чегара хизмати 12-апрель куни кечга яқин қирғиз-тожик чегарасининг Селкан қишлоқ ҳудудида Тожикистонннинг ҳарбийлари томонидан қуролли можаро бўлганини билдирган. Чегара ҳудудлари аниқланмагани боис бу ҳудудларда икки ўлканинг турғунлари билан чегарачилар ўртасида тўқнашувга айланиб кетган можаролар тез-тез содир бўлади.
Чегара муаммоси сабаб Баткен ва Лайлак туманларининг 18 507 турғуни эвакуацияланиб, 13-апрелда уйларига қайтишган. Отишувда икки қирғизистонлик — бир чегарачи ва бир тинч аҳоли жабрланган. Кейин олти киши жабрлангани маълум қилинган.
Бош прокуратура 12-апрелда қирғиз-тожик чегарасидаги отишув факти бўйича «Тинчликка қарши жиноят» моддаси билан жиноий иш қўзғалганини билдирган.