Депутатлар Жаҳон банкининг Баткенни ривожлантириш лойиҳасини АРИСга беришга қарши чиқишди

292

Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитасининг 11-апрелдаги йиғинида Баткен вилоятини ривожлантиришга 50 млн доллар ажратиш бўйича Жаҳон банки билан бўлган келишувнинг лойиҳаси муҳокама қилинди.

Иқтисод ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Чоро Сейитов ҳудудларни иқтисодий томондан ривожлантириш лойиҳасини бу сафар жамоатчиликни ривожлантириш ва инвестициялаш агентлиги (АРИС) 2027-йилгача амалга оширишни билдирди.

«Маблағнинг 25 миллиони кредит, 25 миллиони грант сифатида чиқарилмоқда. [...] Насиянинг муддати асосан 38 йил, 2059-йилгача берилади. Насия 0,75% билан берилади. [...]», — деди у.

Бироқ айрим депутатлар бу лойиҳани АРИС амалга оширишга қарши чиқиб, Баткен вилоятини Жаҳон банки ҳисобидан ўзимиз ривожлантирайлик деган таклифни айтишди.

«Маҳаллий раҳбарлар нима қилади? Палов ейдими ёки бориб лента кесадими? Нима учун сизлар АРИСга беряпсизлар? Мақсадингиз нима? Вазирнинг ўринбосари ҳар бир айтган сўзингизда ўзингизга бало тилаб олар экансиз. Энг яхши мутахасиссисларнинг бари АРИСга ўтиб кетган деяпсиз, унда келинглар АРИСни қирғиз ҳукумати қилиб тайинлайлик», — деб норози бўлди депутат Адахан Мадумаров.

Депутат Нурлан Шакиев давлат кафолати билан олинган насияни ишлатишни воситачи компанияларга беришни тўхтатиш керак деб ҳисоблайди.

«Шу АРИСни, ўша итнинг ўлиги қаерга кўмилган деганда, шу ердан топиб чиқсак бўлади. Сабаби бизнинг ҳамкасблар тўғри айтди, неча йиллардан бери миллиардлаган сомга, миллионлаган долларга қилган лойиҳаларнинг кўпи, деярлик учдан бир қисми шу еб-ичганларнинг маошига кетди. Шу сабаб сифатсиз, эплама лойиҳалар қилинган. Ҳозир масалан, бундан 15-20-йил олдин қилинган АРИС лойиҳаларининг деярлик ярмини изи йўқ. Ҳозир шу лойиҳаларга яна қишлоқлар югуряпти. АРИСнинг техникаси ҳам, мутахассислари ҳам йўқ», — деди Нурлан Шакиев.

Депутат Чингиз Айдарбеков ҳам тезкор қарор қабул қилишга шошилмасликни, АРИСнинг фаолиятини таҳлил қилишни таклиф қилди.

Муҳокама якунида муаллифлар лойиҳаларни қайта ишлаб чиқиш учун қайтариб олишди.

АРИС — тижорий бўлмаган ташкилот, сиртдан келган маблағ ҳисобидан йирик инфраструктура ва қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини молиялаган давлат агентлиги. Маблағнинг кўпи — умумий сумманинг 30%дан 90%гача — БМТ, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки ва Германия ҳукумати каби халқаро ташкилотлар томонидан ажратилади.

Қолган суммани Қирғизистон ҳукумати бюджетдан ажратади ёки халқаро ташкилотлардан насияга олади. Ташкилотнинг юридик томон деган мақоми бор.

Нима сабабдан Баткен вилояти қўшимча молияга муҳтож?

Охирги йиллари Баткен вилояти чегара жанжалларида жабрланиб келади. Сўнгги катта можаро 2021-йили баҳорда бўлиб, тинч аҳоли орасида ўнлаган одамлар ҳалок бўлган. Чегарадаги жанжал оқибатида 36 қирғизистонлик ҳалок бўлиб, 154 одам яраланган.

Можарода инфраструктура обьектлари — мактаблар, тиббиёт ва давлат муассасалари бузилган. Маҳаллий турғунларга тегишли юзлаган уйлар, ишхоналар ёниб, кўпи уйсиз, даромадсиз, мол-мулксиз қолган.

Шундан кейин Қирғизистон ҳукумати қишлоқларни қайта тиклаш ишини бошлаган. Жанжалда ҳалок бўлган қизнинг номидаги «Мадина» шаҳарчаси қурилган. Бироқ маҳаллий турғунлар ва фаоллар шаҳардаги айрим қурилишларнинг сифатидан норози бўлишган — масалан, айрим электр симёғочлари қулаб, қудуқларнинг қопқоқлари бузилиб, одамлар тоза сув етишмовчилигидан қийналишган.

Баткен вилоятига қонун доирасида ўзгача мақом берилган, президент Садир Жапаров чет эл бизнесменларига қайта тиклашга сармоя киритишни таклиф қилган.