
Қирғизистонда 6 ёшдаги болалар мажбурий равишда мактабга қабул қилиниб, 1-синфга боради. Ўлкада 12 йиллик ўқув тизими киритилади. Бу ҳақда Фан ва таълим вазири Алмазбек Бейшеналиев ўзининг Фейсбук саҳифасида 6-апрелда билдирди.
Вазирнинг айтишича, бу ўзгаришлар Қирғизистоннинг таълим тизимини «жаҳон андозасига мослаштиради».
«0-синф йўқ бўлади. Шунда бола йилдан ютқазмайди», — деб тушунтирди Бейшеналиев.
Таълим вазири 4-апрелда ижтимоий соҳа ходимларининг республика йиғинида мактаб ўқувчилари йиллик ўқув даражаси 1 020 соат деб тузилганини билдирган. Вазир бу ўқувчилар учун «жисмоний ва руҳий юк» эканини таъкидлаб, у 820 соатгача қисқартирилишини айтган.
Шунингдек, вазир мактабгача ва умум таълим ташкилотларининг ўқитувчиларига маошини соат асосида тўлаш шартидан бош тортиб, ставка бўйича тўлашга ўтказишни айтган.
Муаллиф: Болдукан Айдарбек қизи