Атамбаев: Ҳукумат Апрель революциясини бекор қилишни кўзлагандек таъсир қолдирмоқда

376
Сурат: Игорь Коваленко

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев Апрель инқилобининг 12 йиллиги муносабати билан мурожаат қилди. Унинг хатини адвокат Замир Жоошев Фейсбук саҳифасига жойлади.

Атамбаев халқ қочқин президент Курманбек Бакиевнинг оилавий ҳукуматини қулатганини эсга солди. Собиқ президент Ала-Тоо майдонига чиққан ғазабланган халқни «портлатишлар, Оқ уй томондан дўлдай ёғилган ўқлар, ҳаттоки ўлим ҳам тўхтата олмаган» деб таъкидлади.

«Шу куни 87 ватандошимиз ўқдан ҳалок бўлган. Мингга яқин фуқаро яраланган. Уларнинг 70га яқини сўнгги 12 йилда оламдан ўтди. Бакиевнинг оилавий ҳукуматини қулатишнинг баҳоси мана шундай қиммат бўлган», — деб ёзди Атамбаев.

Шунингдек, Атамбаев ҳозир ҳукуматга келганлар «Апрель инқилобини бекор қилишни кўзлагандай таъсир қилмоқда» деб таъкидлади. Сабаби охирги 1,5 йилда «бакиевчилар жуда жонланиб», турли лавозимларга тайинланмоқда.

Атамбаев Бакиев даврида «журналистлар ва муҳолифатчилар қандай ўлдирилганини биз унутмадик» деди. Атамбаев бугунги кунда ҳам «оппозиция бўғизланиб», журналист, блогер ва ҳуқуқ ҳимоячилари сўроққа чақирилаётганини қўшимча қилди.

Бундан ташқари, Атамбаев биринчи президент Аскар Акаев «ҳеч нарса бўлмагандай Қирғизистонга учиб келиб», сўроқдан кейин тўсқинликсиз қўйиб юбориб «халқ олдида кечиришди» деди.

«Шаҳид бўлган ахсиликлар, текин кетган Қумтўр унутилди. Энди Қирғизистонга иккинчи қочқин президент Бакиевни ҳам олиб келиб, уни гилам тўшаб кутиб олишлари тўлиқ мумкин бўладиган кўринади. Юқоридаги айрим одамлар бу масалани қайта-қайта кўтариб, амалга оширишни кўзлашаётгани очиқ кўриниб турибди», — деди Атамбаев.

Собиқ президент «Акаев 15 йил, Бакиев беш йил, Сооронбай Жээнбеков уч йил халқни алдаган» деб, «халқни кўп алдаш қийин» эканини таъкидлади.

«Элимиз ёлғонларга, коррупцияга ва диктатурага кўп чидамайди! Ҳукумат буни эсдан чиқармаслиги керак! Президент [Садир] Жапаров халқнинг умидини оқлаши керак! Халқ ҳамон унга ишониб, президентдан сўзига мос, тўғри, адолатли ҳаракталарни кутмоқда...» — деди собиқ президент.

Атамбаев мурожаатини Апрель инқилобининг қаҳрамонлари «тарих китобида олтин ҳарфлар билан ёзилади» ва 7-апрель «асрлар давомида жасорат ва эркинлик байрами бўлиб қолади» деб якунлади.