ИИВ «Ихсан» турар жой кооперативига жиноят ишини қўзғади

368

Ички ишлар вазирлиги «Ихсан Групп ЛТД» турар-жой кооперативига «фирибгарлик» моддаси билан қўзғалган жиноий ишни тергов қилмоқда. Маълумотни «Клооп»га ИИВнинг матбуот хизмати тасдиқлади.

Милициянинг маълумотига кўра, жиноий иш 2021-йилнинг февраль ойида қўзғалган.

4-апрелда кооперативнинг ишидан норози бўлган аъзолари «Ихсан»нинг Бишкекдаги офисига йиғилишган. Сармоядорлар вақтида уй олмаганини айтиб, кооперативга берган пулларини қайтаришни талаб қилишган. «Ихсан» бу бўйича изоҳ бермаган.

10-мартда «Ихсан»нинг Ўш шаҳридаги вакиллигининг етакчиси Орозбек Асанов сармоядорлар уйни «долларнинг курси кўтарилгани сабаб олишолмаётганини» айтган.

Шунингдек, «Ихсан Групп ЛТД»нинг асосчиларидан бири Акинай Бекмурзаева журналист Улукбек Карибек ўғлига берган интревьюсида сармоядорлар кооперативга берган пулларини 14 кун ичида қайтариб олса бўлади деб, ишонтирган. Бекмурзаеванинг айтишича, агар кооператив шартномада кўрсатилган муддатни сақлай олмаган бўлса, унда тўловларни қайтаримсиз 4%да қайтаради.

Бундан ташқари, турар-жой кооперативининг юристи агар сармоядорларга уй олиш учун маблағлар вақтида берилмаса, «кечикишнинг ҳар бир кунига 100дан 500 сомгача устама тўланади» деб билдирган эди.

Кооперативларга қарши жиноий ишлар

15-мартда Ўш шаҳар милицияси S-Line турар-жой кооперативининг етакчиси Бактибек Алиевни қўлга олган. Куч органлари унга «Ишониб берилган мулкни ўзлаштириш» моддаси билан айб қўйган.

Алиевнинг устидан 24 киши ариза бериб, тергов зарарнинг миқдори 40 млн сомни ташкил қилганини айтган. Бироқ, Ўш шаҳар суди зарарнинг миқдори «нотўғри ҳисобланганини» аниқлаб, жабрланувчилар етти млн сом зарар кўрганини билдирган. Шу сабаб 22-мартда Алиев уй қамоғига чиқарилган.

16-мартда Бишкекнинг Биринчи май туман ИИБси «Ак-Уй КейДжи» кооперативининг етакчиси Талант Айтбаевни «фирибгарлик»да гумон қилиб, ушлаган. Кўп ўтмай милиция «Рассвет» ва «Баха-Сидигали» турар-жой кооперативларининг директори Эрмек Нургазиевни «фирибгарлик»да гумон қилиб, қўлга олган — у 2021-йилнинг 9-февралида Бишкек шаҳрига бир кунга мэр бўлишга улгурган. Суд Нургазиевни №1 тергов қамоғига киритган.

22-мартда Ўш шаҳар ИИБ олдига «Биринчи турар-жой кооперативи»нинг сармоядорлари митингга чиқишган. Маълумотга кўра, кооператив устидан 28 ариза тушган, Ўш милицияси «фирибгарлик» моддаси билан жиноий иш қўзғаган.