Чироқ ёки нон. Қирғизистонда электр ёруғи танқис, бироқ халқнинг уни сотиб олишга пули йўқ

390
Алина Печёнкинани «Клооп» учун иллюстрацияси

Бу йил қиш илиқ бўлганига қарамай, Қирғизистоннинг ҳудудларида минглаган одам ҳар куни ёруғликсиз ўтиришга мажбур бўлди. Энергокомпаниялар кети узилмаган «авариялар»дан арзланиб, таъмир учун миллиардлаган сом сарфлашади. Бироқ пулнинг ёрдами тегмаябди: электростанциялар билан электр тармоқлари эскириб бормоқда. Ҳукумат аҳолини электр энергиясини тежашга чақириб, тарифларни кўтаришни ваъда қилмоқда. Бироқ қирғизистонликлар ортиқча пул тўлай олмайди, сабаби халқ, очиғини айтганда даромадини «емоқда» .

Электр пойтахтда ҳам, ҳудудларда ҳам ўчирилади

Бишкек четидаги Ак-Орго участкаси. Бу ерда уйлар қаровсиз ва қурилиши битмаган бинолар билан аралаш солинган. Тупроқ йўлларидан машиналар билан кичик автобуслар онда-сонда ўтади. Болалар йўл бўйича ўйнашади. Бу ердаги уйлардан бирининг олдида машина таъмирлаётган турғунни кўриб, уни суҳбатга тортдик:

— Сизларда “свет” ўчадими? — деб сўрадик ундан.

— Ҳар куни кечда, икки соатга ўчади.

— Свет йўқ бўлганда нима қиласизлар? Совуқ эмасми?

— Биз газга қўшилганмиз, уйни иситиш осон, — деб жавоб берди турғун. — қўшниларга қийин, гази йўқ. Кун совуқ бўлганда уйлари тез музлаб қолади.

Бишкекнинг бошқа тумани, Ишчилар шаҳарчасида (Рабочий Городок — таҳр.), ҳолат яхшироқ.

— Бизда ҳар куни ўчиришмайди, икки-уч кунда бир ўчирилади. Свердлов туманида танишим яшайди, уларникини ҳам икки кунда бир ўчиришар экан, — деди маҳаллий турғунларнинг бири. Қиш илиқ бўлгани сабаб ўчирилар деярлик сезилмади. Уйлар иссиқ, деб ишонтирди у.

Энергокомпаниялар свет нимага ўчирилаётганини айтишдими, деган саволга шаҳар турғунлари «ҳеч нарса дейишмайди» деб елка қисишади. Компанияларнинг ўзида вақти-вақти билан ўчиришлар бўлаётганини инкор қилишди: 2021-йили кеч кузда «Шимолийэлектро» ишхонаси ўчиришларни линиялардаги таъмирлаш ишлари ва авариялар билан боғлаган.

Ўлка бўйича «авариялар билан таъмирнинг» масштабини билиш учун «Клооп» пойтахт ва ҳудудларда сўровнома ўтказди. 162 одамдан ўнтаси уларда электр ёруғлиги ўчирилмаганини айтди. Респондентларнинг учдан биридан кўпи суткасига беш-олти соатдан ортиқ ёруғликсиз ўтиришларини айтишди.

Қирғизистон энергетика бўйича қўшниларга қарам   

Қирғизистонда электр энергиянинг кўпини «Электр станциялар» ОҲЖ ишлаб чиқаради, унинг 94% акцияси давлатники. Қарамоғида етти ГЭС ва икки ИЭМ бор. Энг каттаси — Токтогул ГЭСи, у ўлкадаги барча электр энергиясини деярлик учдан бир қисмини ишлаб чиқаради.

Бироқ ГЭСларда электр энергиясини ишлаб чиқариш йил фаслларига боғлиқ. Ёзда тоғларда қор ва музликлар эриганда дарёларга сув тўлиб, ГЭС каскадлари тўлиқ қувватда ишлайди, ортиқча энергия билан сув Қозоғистон билан Ўзбекистонга суғориш учун берилади. Кузда ва қишда дарёларда сув камайиб, ГЭСларда энергия етишмаган вақтда Қирғизистон қўшни давлатлардан газ, кўмир ва электр энергиясини олади.

Баъзан қўшнилар билан келишувни бузиб олмаслик учун Қирғизистон сувни имкони борича кўпроқ беришга мажбур. Масалан, 2007-2008-йиллари сув кўп берилгани сабаб қишда ГЭС турбиналарига сув етмай, электр энергияси вақти-вақти билан ўчирилган.

Климатологлар билан гляциологлар глобал иссиқлик ва ҳудудда дарёларнинг оқиб кириши камайгани сабаб музликлар кескин бузилаётганини кўпдан бери айтишади. Бироқ 2021-йилнинг ёзида Миллий энергохолдинг Қирғизистон «эришилган келишувлар асосида Токтогул сув омборидан Қозоғистонга қўшимча миқдорда сув оқизганини» такрор билдирган. Қишда чироқ  ўчирилиши такрорланган.

                     Марказий Осиё давлатлари сув-энергетика ресурсларидан самарали фойдаланмагани сабаб ҳар йили

1,3-4,5 млрд доллар ёки

ҳудудий ИУМнинг 1,5%ни йўқотади

                             деб айтилади Евроосиё банкининг ҳисобида

 Қувват бор, бироқ у эскирган

Қирғизистон энерготизимидаги асосий қувват 1950-1970-йиллари қурилган. 2020-йилга кўра электростанцияларнинг эскириши 80%га етган.

Электр тармоқлари ҳам эскирмоқда. Электр энергиясини, бунинг ичида элетр тармоқларидаги йўқотишлар, Евроосиё банкининг ҳисобига кўра 20%га етган.

Тармоқларни ва ускуналарни модернизация қилиш энергия билан таъминловчи ишхоналарнинг давлат давлат хариди бюджетнинг учдан иккисини «ейди». «Клооп» «Қирғизистон миллий электр тармоғи» компанияси ва «Ошэлектро» ишхонаси, «Шарқийэлектро» ва «Жалалабадэлектро», шунингдек, қувватини генерация қилган «Электр станциялари» ускуналарни сотиб олишга, таъмирлашга ва қурилиш ишларига 2019-йилдан 2021-йилгача 2 млрд сомдан ортиқ маблағ сарфлашганини ҳисоблаб чиқди.

Бироқ тармоқни янгилаш анча кўп маблағни талаб қилади. Масалан, Бишкек ИЭМни қисман модернизациялаш учун 2017-йили 13 марта кўп маблағ сарфланган. Бюджетда бунча пул йўқ, шу сабаб давлат насия олишга мажбур бўлмоқда.

Пул берилганига қарамай, ҳолат яхшиланмаган

Мустақилликнинг деярлик 30 йилида, 1990-йилнинг ярмидан 2021-йилгача Қирғизистон 11,5 млрд доллар ташқи ёрдам олган, ундан 8 млрд доллар — насиялар, қолгани — грантлар. «Бизнинг аср» жамоат фондининг маълумотига кўра, четдан келган асосий қисми бюджетни қўллашга, транспорт инфраструктурасига ва энергетикага йўналтирилган. Ижтимоий тармоққа келиб тушган маблағнинг фақатгина 3% бўлинади.

Энергетика таъминотидаги масалаларни ҳал қилишга Қирғизистон деярлик 2 млрд доллар миқдорида насия олган. Асосий насия берувчилар — Хитой, Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки.

 *CASA-1000 лойиҳаси Қирғизистон билан Тожикистоннинг энерготизимини Афғонистон ва Покистон билан боғлаши керак.

2012-2013-йиллари «Датка-Кемин» электр станциясининг, «Датка» ёрдамчи трансформаторининг қурилишига ва Бишкек ИЭМни модернизациялашга ҳам шу Хитой насия берган. Кредит 20 йил муддатга олинган, бугунги кунда бу муддатнинг ярми ўтди.

Қирғиз ҳукумати билан Хитойнинг «Эксимбанк»и ўртасидаги келишувда агар ўлка фоизларни ёки кредитни ёполмаса, унда Хитой Гонконгдаги халқаро арбитражда Қирғизистоннинг хоҳлаган активини талаб қила олади дейилган.

Агар қарз тўланмаса Хитой аниқ нима сўрашини тахмин қилиш қийин. Вариантлардан бири — олтин конлари. 2018-йили Тожикистон худди шу усул билан «Душанбе-2» ИЭМни қурилишидан қутилган — Хитойга Юқори Кумарг конини ўтказиб берган.

Бошқа вариант — станцияларнинг ўзи: Токтогул ГЭСи ва Бишкек ИЭМ.

Иккинчи версия эҳтимолини давлат раҳбари Садир Жапаровнинг ўзи ҳам тасдиқлаган. «Масалан, ИЭМ, “Шимол—Жануб” йўли, “Датка-Кемин” […] Шуларга олганмизда [насияларни] бунинг барини. Агарда вақтида тўлай олмасак, унда бошқарув ўша томонга [Хитойга] ўтиб кетади деб имзоланган. Булар етмаса, унда бошқасини олишга ҳаққи бор. Бироқ биз вақтида тўлаб беряпмиз», — деган давлат раҳбари «Озодлик»га берган интервьюсида.

Энергетикадан ўзи ҳам, ўзгалар ҳам фойда кўради

Насияга олинган пуллар қанчалик самарали сарфланишини Бишкек ИЭМни модернизация қилиш мисолидан тушунса бўлади. Масалан, 2013-йили Қирғизистон станцияни модернизациялаш учун Хитойдан 386 млн доллар олиб, фоизлари билан 500млн доллар қайтариб беришни ваъда қилган.

Таъмирлаш ишларини TBEA хитой компанияси олиб бориб, иш 2017-йили битирилган. Орадан бир йил ўтиб, станцияда, бироқ модернизациядан ўтмаган қисмида катта авария бўлган, натижада шаҳар турғунлари қишда бир неча кун иссиқликсиз қолишган.

Мана шунда модернизация сметаси кўпайтирилиб кўрсатилгани, ўлкага олиб келинган ускуналарнинг нархи — божхона хизматининг маълумоти бўйича — ҳужжатдагидан 800 минг долларга кам кўрсатилгани аниқланган. Хитой компанияси шаффоф бўлмаган маъмурий ва «консультант ҳаражатларига» 20 млн долларга яқин пул сарфлаган.

Бироқ, Қирғизистон бу бўйича ҳеч нарса қилолмаган: шартнома бўйича модернизация сметасини хитой томон аниқлайди. Бироқ жиноий иш қўзғалиб, юқори лавозимдаги амалдорлар, ўша вақтдаги бош вазир Сапар Исаков жиноий ишнинг фигуранти бўлишган.

Аммо Бишкек ИЭМнинг муаммоси шу билан битмайди. 2021-йилнинг охирида ИЭМ ўтқозонларга қум аралаш кўмир ёқаётгани аниқланган. Кўмир бу ерга Балиқчидаги омбордан олиб келинади, у ерда оғирлигини ошириш учун махсус инерт материал аралаштиришади.

Президент Садир Жапаровнинг айтишича, айбдорлар қўлга олиниб, уларга жиноий иш қўзғалган, Бишкек ИЭМ, амалдорнинг билдирувига ишонсак электр энергиясини бир ярим марта кўп ишлаб чиқаради. Бироқ бу сонни текшириш мумкин эмас.

Алина Печёнкинани «Клооп» учун иллюстрацияси

 Ўз энергиянг йўқмиқўшнилардан сотиб ол

Баъзан сувни электр энергиясига алмашиш ўлкани электр энергиясига бўлган эҳтиёжини ёпишга имкон беради. Бироқ Қирғизистон мустақиллигининг 30 йилида қўшниларидан етти марта электр энергиясини сотиб олишга мажбур бўлган.

Давлат электр энергияси учун валюта билан тўлайди, тарифларда эса давлатлараро тортишувга сабаб бўлган ҳолатлар учрайди.

Масалан, Ўзбекистон уларнинг иссиқлик электростанцияларида газни ёқиш натижасида ишланган электр энергиясининг килловат-соати Қирғизистон ГЭСларида сувнинг оқимини турбина билан айлантириш натижасида ишлаб чиқарилган электр энергиясидан қиммат бўлиши керак деган. Бишкек бунга рози бўлмай, алмашишнинг нархи бир хил бўлиши керак деган. Бундан ташқари, 2016-йилгача Тошкент Камбар-Ата ГЭСни қурилишига қарши чиқиб, плотиналар суғориш учун дарёнинг оқимини тўсади деб қўрққан.

Бир йил олдин Қирғизистон президенти Садир Жапаров Тошкентга иш сафари билан борганда давлатлар табиий алмашиш шартномасига қайтишга келишишган.

Импорт электр энергиянинг нархи етказишнинг кўламига боғлиқ: сотиб олишни ҳажми қанча катта бўлса, киловатт-соатнинг нархи шунча паст бўлади.

Масалан, Қирғизистон 2014-2015-йили электр энергиясини Қозоғистондан 4 сомдан, Тожикистондан — 1,3 сомдан сотиб олган. 2020-йилга келиб Қозоғистондан импорт қилишини нархи 18,5 сомга чиққан. Бу Қирғизистон ичидаги маҳаллий халқ учун белгиланган тарифдан 24 марта кўп.

Ҳамёнга тўғри келмаган тарифлар

Қирғизистонда — аҳоли учун электр энергиясининг тарифлари ҳудудда энг кам — кВт/соатни 0,77 сом ёки 0,01 доллар. Иккинчи ўринда Тожикистон туради, у ерда электр энергияси бундан икки марта қиммат.

Бироқ Қирғизистонда электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг тан нархи паст бўлгани билан — кВт/соати ўрта ҳисоб билан 1,5 сом бўлса ҳам ҳозирги тариф буни ёполмайди. 2010-йили ҳукумат тарифларни иқтисодий томондан асосланган тарифларга ўтказишга ҳаракат қилган. Президент Бакиев даврида Қирғизистонда электр энергиясининг нархи ҳозиргидан икки марта (доллар курсини ҳисобга олганда уч карра) қиммат бўлган.

Ўша вақтда Адлия вазирлиги тарифларни бундай тезлик билан ўсиши энергетика тармоғини ривожланиши, барқарор ва ишончли ишлаши учун муҳим деган. Бироқ қирғизистонликлар учун электр ёруғи имконсиз бўлиб қолган. Шунда аҳолининг норозилигига президент Бакиев жавоб бериб, «тезак ғамлаб олишни» маслаҳат берган.

Узоқ давом этган энергетика кризиси натижасида Курманбек Бакиевни ҳукуматдан қулатган 2010-йилдаги инқилобга туртки бўлган. Янги келган ҳукумат тарифни икки баробарга камайтириб, шундан бери аҳоли учун электр ёруғлигининг нархи деярлик кўтарилмаган.

Халқ — Қирғизистонда электр энергиясини асосий харидори. Энергетика вазирлигининг маълумотига кўра, оддий абонентларнинг 93% қувватнинг учдан иккисини ишлатади. Ҳар йили эҳтиёж яна 8-10%га ўсмоқда — бу ҳусусий хўжаликларнинг қўшилишидан бўлмоқда.

Қирғиз оилалари камбағал. 2020-йили Қирғизистон аҳолисининг тўртдан бири — 1,6 млндан ортиқ киши — камбағалликда яшамоқда. Уларнинг тўртдан уч қисми — қишлоқда яшайди. Коронавирус эпидемиясида ишсизлик билан инфляция тезлашиши сабаб ўлкада камбағаллик даражаси яна 5%га ўсган.

Миллий статистика қўмитасининг маълумотига кўра, Қирғизистонда киши бошига бир ойлик ўртача даромад атиги 66,35 долларни ташкил қилади. Минимал ҳаражатлар  — 63,21 доллар.

Оилаларнинг ярми пулининг тенг ярмини озиқ-овқатга, яна учдан бир қисмини — кийим-кечакка ва озиқ-овқатдан бошқа товарларга, коммунал хизматларга, билим олишга ҳамда соғлиқни мустаҳкамлашга сарфлашади.

Шундай қилиб, ҳамма мажбурий тўловларни

тўккандан кейин ўртача яшаган

қирғизистонликларда

ойига «ортиқча» 3 доллар қолади.

Коммунал хизматларга қирғизистонликлар даромадининг 7%га яқинини сарфлашади — бу Европа давлатларига қараганда озроқ, бироқ у ерда шу каби ҳаражатларга даромаднинг ўртача 8-10%и кетади.

Бироқ Deutsche Welle Европа бўйича электр энергиясининг тарифлари энг юқори бўлган Германияда турар-жой, озиқ-овқат, коммунал хизматлар, таълим ва дори-дармон учун барча мажбурий ҳаражатларнинг суммаси бир оила даромадининг ярмидан кам эканини ҳисоблаб чиққан. Қолганини германияликлар кейингига қолдириб жамлай олишади.

Агар электр энергиясининг нархи қимматласа, қирғизистонликлар қимматлаган ҳисобларни тўлаш учун бошқа ҳеч нарсадан тежай олишолмайди. Бугунги кунда кўпчилик уйларини электр энергияси билан иситмоқда, сабаби кўмир ва ўтиннинг бошқа турлари бундан ҳам қиммат.

2021-йилнинг баҳорида президент Садир Жапаров Фейсбук саҳифасида тарифни кўтаришга мажбур бўлишларини билдирган. Бироқ ёзда бу ҳақда Энергетика вазирлиги сўз қила бошлаганда, президент фикридан қайтиб, аҳолига тегмасликни таклиф қилган. Натижада тариф енгил саноат учун кўтарилган.

Алина Печёнкинани «Клооп» учун иллюстрацияси

Бошқа йўл йўқ — тежаб, қийналишга тўғри келади

Қирғизистон ўз қудратини оширмагунча энергетика инқирозидан чиқолмайди. Ҳукумат яқин йилларда Папан, Орто-Токой ва Тўрт-Кўл сув омборларида кичик ГЭСларни қуришни ваъда қилмоқда. «Бала-Саруу» ГЭСига рус-қирғиз тараққиёт фонди 22,7 млн доллар ажратди. Шунингдек, президент Камбар-Ата ГЭСнинг иккинчи агрегатини ишга туширишни, Токтогул ва Ат-Баши ГЭСларини модернизациялаш лойиҳаларини ишлаб чиқишга ваъда берган.

Бироқ бу режалар ҳозирча қоғозда бор, Қирғизистонга эса ўн йил аавлгидай светни вақти-вақти билан ўчиши қайтди. Аслида, ҳукумат ўчиришларни ҳозир бошқача атайди, ҳукумат эса жавобгарликни халққа юклашга ҳаракат қилмоқда.

«Ҳукумат лимит қўйган. Шу меъёрни сақланглар. Бу 2010-йилдагидай вақти-вақти билан ўчириш эмас — эсингиздами, туманларгача светсиз ўтирган эдик? Агар қўйилган лимитдан ошиб кетса, режали ўчиришлар бўлади», — деган конференцияларнинг бирида минкаб раисининг ўринбосари Азиз Аалиев.

Муаллиф: Айгерим Акилбекова

Муҳаррирлар: Екатерина Резникова, Анна Капушенко, Дмитрий Мотинов, Виктор Мухин

Таржима: Давронбек Насибхонов