«Адилет сот» муассасасидаги коррупция: Айбланувчилардан бири 260 минг сом жаримага тортилди

339

Бишкекнинг Биринчи май туман суди 10-мартда суд департаменти ҳузуридаги «Адилет сот» IT-муассасасидаги коррупция бўйича айбланувчиларнинг бирига ҳукм чиқарди. Унга кўра, «Электросвязь-Сервис» МЧЖ вакили «А.Э.А.» айбдор деб топилиб, 260 минг сом жаримага тортилди.

Ҳукмдаги маълумотга кўра, 2019-йилнинг июль ойида «Адилет сот» муассасаси «суд мажлисларида аудио ва видеофиксация, суд қарорларини тайёрлаш процессини автоматлаштириш» учун керакли ускуналарни сотиб олишга тендер эълон қилган.

Айбланувчи «А.Э.А.», «Электросвязь-Сервис» компаниясининг директори Азимбек Омуралиев, «Адилет сот» муассасасининг етакчиси Александр Юрьев ва суд департаментининг статс-котиби Сталбек Калмаков билан олдиндан келишиб, хусусий ишхонасини тендерга қўшган. 2019-йилнинг ноябрь ойида «Электросвязь-Сервис» мазкур фирма тендернинг ғолиби деб топилади. Икки томон 112 млн сомлик шартнома тузган.

2019-йилнинг декабрь ойида Юрьев Омүралиев билан алоқага чиқиб, унинг компанияси тендерда ютгани учун 10 минг доллар талаб қилади. Омуралиев «А.Э.А.» билан келишиб, бу пулни Юрьевга ўтказиб берган — тергов бу пуллар Юрьев билан Калмаков ўртасида тақсимланганини аниқлаган.

Кўп ўтмай суд департаменти ускуналар учун «Электросвязь-Сервис» МЧЖ ҳисобига 54 млн сом ўтказган. Тергов компания ускуналарининг нархини асоссиз ошириб, давлатга 13 млн 410 минг сом зарар келтирилганини аниқлаган.

Текширувлар вақтида айбланувчи «А.Э.А.» тергов билан ҳамкорлик килиб, бошқа гумондорларга қарши кўрсатма берган. Суд уни «Коррупция» моддаси билан айбдор деб топиб, 260 минг сом жарима солди.

Суд департаментидаги коррупция

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 2021-йилнинг февраль ойида «коррупция схемасига аралашган» деган гумон билан «Адилет сот» муассасасининг етакчисини қўлга олган.

Тергов версияси бўйича, 2018-йили суд департаментининг ходимлари «Суд тизимининг қарздорлар реестри» маълумот тизимини ишлаб чиқиш учун 2,3 млн сомлик қалбаки тендер ўтказишган. Махсус хизмат бу тизим бунгача «Адилет сот»нинг ходимлари томонидан ишга туширилиб, кейин «Қирғизпатент» муассасасида рўйхатга ўтказганини маълум қилган.

«Шунга қарамай, суд департаментининг ходимлари IT-компаниясининг вакили билан жиноий тил бириктириб, ишлаётган дастурни ишлаб чиқиш учун қалбаки шартнома тузишган, пуллар эса коррупция схемасининг иштирокчилари томонидан ўзлаштирилган», — деб тушунтиришган МХДҚдан.

Кўп ўтмай куч органлари бу иш асосида суд департаментининг статс-котиби Калмаковни қўлга олишган. МХДҚ зарар миқдорини аниқлаб, гумондорлар 4,1 млн сом ўзлаштирганини билдирган.

Аввалроқ 2020-йилнинг ноябрь ойида МХДҚ «Адилет сот»нинг етакчиси, собиқ судья Аида Тилекеевани ва «Бизнес ва инновациялар маркази» IT-компаниясининг бошчиси Александр Задорожнийни қўлга олган. Уларга «Маҳаллий суд» автоматлаштирилган маълумот тизимини ишга киритишдаги коррупция бўйича айб қўйилган.

МХДҚ раиси Камчибек Ташиев бу ишга Олий суднинг собиқ раисаси Гулбара Калиеванинг ҳам алоқаси борлигини билдирган. Шу сабаб Калиевага «Коррупция» моддаси билан жиноий иш қўзғалиб, 2021-йилнинг март ойида Судьялар кенгашининг тартиб комиссияси уни жавобгарликка тортишга рухсат берган.