Temirov Live Солиқ хизматининг янги раҳбар ўринбосари билан Ақилбек Жапаровнинг алоқасини аниқлади

387
Акилбек Жапаров / Исламбек Кидиргичов

Temirov Live ютуб-каналининг суриштирувчи журналистлари Солиқ хизматининг янги тайинланган раҳбар ўринбосари Исламбек Кидиргичовни вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров билан алоқасини аниқлашди. 26 ёшдаги Кидиргичов бу хизматга 25-мартда тайинланган.

Журналистлар Исламбек Кидиргичовнинг отаси Намизбек Кидиргичов вазирлар маҳкамаси раисининг синглиси Акилай Жапарова билан бирга ўқиганини аниқлашган. Кидиргичов ва Жапарова 1977-1987-йиллари Норин вилоятининг Кочкор туманидаги «40 йил ВЛКСМ» мактабида бир синфда ўқишган — бу мактабда Акилбек Жапаровни ўзи ҳам билим олган.

Шунингдек, суриштирувчилар Жапарова «Одноклассники» ижтимоий тармоғида Гулзат Исагуловани «яқин одам» сифатида кўрсатганини кўришган — у Исламбек Кидиргичовнинг онаси.

Бундан ташқари, журналистлар Кидиргичов Солиқ хизматидаги карьерасини 2016-йили катта нозир сифатида бошлаганига эътибор қаратишти. 2021-йилдан бошлаб Кидиргичов президент маъмуриятида эксперт бўлиб ишлаган. Акилбек Жапаров 2021-йилнинг июнь ойида вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари бўлиб тайинланган.

Кидиргичов 26-мартда Kaktus.Media нашрига берган интервьюсида бу лавозимни унга Акилбек Жапаров таклиф қилганини билдирган. Шу билан бирга Кидиргичов бу лавозимга «қариндошлик алоқалари» ёрдамида келмаганини айтган.

Бу Temirov Live’нинг Акилбек Жапаров билан алоқаси бор одамлар юқори лавозимларга тайинлангани бўйича биринчи суриштируви эмас. 2021-йилнинг октябрь ойида суриштирувчилар Шимоли-шарқ божхонасининг янги етакчиси Нурбек Алимов Жапаровнинг қудаси эканини аниқлашган.

Журналистлар Алимовнинг карьераси 2020-йили ҳукумат алмашгандан кейин ўсганини таъкидлашган.